Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ХХР мамлакатимизда Хитой ишбилармон доиралари учун ҳуқуқий маслаҳат маркази ташкил этиш истагида
2019-05-03 | Жамият
Жорий йилнинг 2 май куни Тошкентдаги Ўзбекистон-Хитой савдо уйида Ўзбекистондаги Хитой корхоналари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва ХХР адлия вазири Фу Чжэнхуа иштирок этишди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони муттасил ортиб бормоқда ва ҳозирги кунда қарийб мингтани ташкил этади. Учрашувда Хитой ишбилармон доиралари вакиллари ва сармоядорлари Ўзбекистондаги инвестициявий муҳитнинг жорий ҳолати ва ўзбекистонлик шериклар билан савдо алоқаларини янада ривожлантириш ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитойнинг савдо-иқтисодий ва инвестиция салоҳияти ривожига тўсқинлик қилувчи омиллар ҳамда божхона, солиқ соҳалари ва ўзаро манфаатли бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Адлия вазирлиги томонидан уларни хитойлик ҳамкорлар билан ҳал этиш мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва сармоялар оқимини ошириш имконини берди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашув чоғида адлия вазири Русланбек Давлетов бизнес юритиш ва Хитой инвестицияларини жалб қилиш мақсадида Ўзбекистонда ҳуқуқий маслаҳат маркази ташкил этишни таклиф қилди. Таклиф Хитой ишбилармон доиралари вакиллари томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, тадбир Хитой адлия вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги