Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитой Халқ Республикаси Адлия вазирининг Ички ишлар вазирлигига ташрифи
2019-05-03 | Сиёсат
2 май куни Ўзбекистон Республикаси ИИВда Хитой Халқ Республикаси Адлия вазири Фу Чженьхуа бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда делегация таркибида ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь, ХХР ЖХВнинг мамлакатимиздаги расмий вакили Лю Тунпин ва бошқа масъул шахслар иштирок этди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов қабул қилди.
Вазир П.Бобожонов йиғилганларга мурожаат этар экан, жумладан, жаноб Фу Чженьхуа бутун умрини Хитой халқининг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш ишига бахшида этганини, айни пайтда ҳам юқори давлат лавозимида раҳбарлик қилиб, ўз принципларига содиқ қолганини таъкидлаб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларнинг бутун бир мажмуини қамраб олган бўлиб, дўстона ва ўзаро манфаатли хусусиятга эга. Ушбу ҳамкорлик давлатларимизнинг миллий манфаатларига, иқтисодий ривожланишига, шунингдек, дунё ҳамжамиятида ўз нуфузига эга бўлишига хизмат қилиб, дадиллик билан ривожланмоқда. Мамлакатларимиз раҳбарларининг яқинда Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» форуми доирасидаги учрашуви ҳамкорликнинг янги истиқболларига йўл очди, бу эса бирдамлигимизга бўлган қатъий ишончни мустаҳкамлайди. Ўзбекистон ва Хитой халқаро ва минтақавий тусдаги долзарб масалалар бўйича ўхшаш позицияларни бирлаштиради. Юқори даражадаги, жумладан, ШҲТ доирасидаги ташриф ва учрашувлар алмашинуви мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ХХР ЖХВ ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро самарали муносабатларнинг намунасидир.
Ўз ўрнида, ХХР Адлия вазири Фу Чженьхуа самимий қабул ва кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ривожланишнинг ижобий тенденциясига эга эканини таъкидлаб ўтди. У ХХР Адлия вазирлиги тузилмаси, қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, тинчлик ва осойишталикни сақлашга қаратилган ривожланиш йўналишлари ва янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқот чоғида Хитой делегацияси аъзолари Ўзбекистонда, жумладан, ИИВ тизимида амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишлар билан танишди. Бунда улар республика ИИВ ЖИЭББ тизимида амалга оширилаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги истиқболли йўналишлар, мазкур тузилма тизимидаги янгиланишлар ҳақида маълумотга эга бўлишди.
Учрашув давомида кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги