Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенат қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди
2019-05-03 | Сиёсат
2019 йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатаси қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди.
Уларда Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижросига доир ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилди.
Хусусан, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил биринчи чорагида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор йўналишлари бўйича мақсадли вазифаларга эришиш йўлида бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, вазирлик фаолиятида устувор йўналишлар қаторида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, она сути билан озиқлантириш даражасини ошириш мақсадида вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида умумий амалиёт шифокорлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун вакциналар хавфсизлиги бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Илмий кенгашида муҳокама қилиниб тасдиқланган.
Ҳудудий тиббиёт муассасаларида амалга ошириладиган юқори технологик жарроҳлик муолажалар улушини янада ошириш мақсадида барча Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий марказларининг аҳолига ҳудудий шифо масканларида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича режалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган. Шу билан бирга, уларни рўёбга чиқариш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилаётгани қайд этилди.
Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг мажлисида сенаторлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 2019 йил биринчи чорагида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор йўналишлари бўйича мақсадли вазифаларга эришиш йўлида бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Қайд этилганидек, вазирлик томонидан ҳисобот даврида аҳолини зилзила, сел оқимлари, тошқин сувлари ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича тадбирларга кенг жалб қилиш, профилактик тадбирларни юқори даражада ташкил қилиб, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфи юқори ҳудудларни тўлиқ қамраб олиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларида фавқулодда вазиятлар хавфида аҳолини хабардор қилиш ва хабар беришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси ва унга чегарадош ҳудудларда содир бўладиган зилзилалар параметрларини аниқлаш самарадорлигини ошириш мақсадида 35 та сейсмик станция учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш белгиланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмалари авария-қутқарув техникалари, сувда сузиш жиҳозлари, ғоввослик асбоб-анжомлари билан таъминлаш ишларини яхшилаш режалаштирилган.
Ўта муҳим 188 та объектда ташкил этилган қутқарув тузилмалари шахсий таркибини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш соҳасида аттестациядан ва тайёргарликдан ўтказилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ходимларини жорий йилнинг II-III чоракларида малака ошириш курсларида ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитиш назарда тутилган. Бундан ташқари, аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек фуқаро муҳофазаси соҳасидаги илмий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2019 йил биринчи чорагида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор йўналишлари бўйича мақсадли вазифаларга эришиш йўлида бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Мажлисда қайд қилинганидек, жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича умумий қиймати 56,5 млрд. сўмлик 54 та илмий-техник изланиш лойиҳаси бажарилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 30 та амалий ва 24 та инновацион лойиҳа ишлаб чиқилиши белгиланган. Ҳар бир лойиҳанинг ўртача қиймати йилига 466,9 млн.сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 баробарга кўпайтирилган.
Илмий-тадқиқот муассасаларини илмий лаборатория ускуналари, зарур бутловчи қисмлар, сарфлаш материаллари ва реактивлари билан таъминлаш мақсадида жорий йилда Фанлар академиясининг 11 та илмий-тадқиқот институти учун 8,4 млн. доллар миқдорида лаборатория жиҳозлари харид қилиниши кўзда тутилган. Ҳисобот даврида 3,9 млн. долларлик лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун тендер савдоларининг дастлабки босқичлари ўтказилди.
Таъкидланганидек, иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни комплекс равишда ҳал қилиш, шунингдек Республика ҳудудларидаги илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштириш мақсадида инновацион ишланмалар “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” электрон базаси шакллантирилган бўлиб, ҳозирги вақтда ушбу порталда 447 та ишланма ва 91 та буюртма жойлаштирилган.
Қўмита мажлисларида Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама этиладиган бошқа масалалар ҳам мамлакатимизнинг ривожланиш йўлида қўйилган мақсадларга эришиш, фуқаролик жамияти асосларини янада мустаҳкамлаш ва демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилганганлиги билан аҳамиятлилиги таъкидланди.
Хусусан, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги, шунингдек Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси мажлисида Тошкент вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари дастлабки тарзда эшитилди.
Сенат қўмиталарининг кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати