Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари

2019-05-02 | Жамият

Тошкентда 2 май куни Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик бўйича англашув меморандумига аъзо давлатларнинг 11-учрашуви ўз ишини бошлади.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, Озарбайжон, Россия давлатлари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ага Хон ривожланиш ташкилоти делегациялари иштирок этди.

Анжуманда гиёҳванд моддалар савдоси устидан назоратни кучайтириш бўйича Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ва сиёсий ривожланишнинг ўзига хос, миллий хусусиятлари асосида тараққий этиб келаётган бўлса-да, хавфсизликка таҳдид солувчи кўплаб хавф-хатарларга қарши курашишда умумий ёндашувга эга. Афғонистондаги нотинчликка барҳам бериш, минтақада гиёҳванд воситаларнинг тарқалиши, трансмиллий жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш шулар жумласидан.

Афғонистонда узоқ йиллардан буён давом этаётган сиёсий беқарорлик сабаб гиёҳванд моддалар етиштириш ҳажми ортиб, трансмиллий жиноятлар ноқонуний қурол савдоси, табиий ресурслар ва инсон омили ҳисобига кенгайиб борди. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунё учун терроризм таҳдидларини кучайтириб, минтақада барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдек якдил интилишларга тўсиқ бўлмоқда.

Шу боис ўтган йиллар давомида минтақа мамлакатлари ва халқаро ҳамжамият Афғонистондаги можароларга барҳам бериш, ички ва ташқи терроризм таҳдидларининг ўзгарувчан табиатига қарши чоралар кўришда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги минтақавий саъй-ҳаракатларни янада кенгайтиришда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, хусусан, Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми доирасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми 1996 йилда Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари вакиллари томонидан имзоланган. Россия ва Ага Хон ривожланиш ташкилотининг 1998 йилда, Озарбайжоннинг эса 2001 йилда мазкур ҳужжатга қўшилиши билан турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик географияси кенгайиб, фаолият доираси амалий мазмун билан бойиб борди.
Бугунги кунда меморандумга аъзо давлатлар ушбу ҳужжат ва халқаро ҳуқуқий асослар доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддалар устидан назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ва бошқалар сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, ушбу форматдаги ҳамкорлик Марказий Осиё минтақасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш, янги турдаги психотоксик моддалар тарқалишининг олдини олиш, ушбу жараёнларни ва терроризмни молиялаштиришдаги оқимларга қарши курашиш, минтақавий ҳамкорликдаги янги тенденцияларни белгилашда муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференция, Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси бу борадаги интилишларни амалий мазмун билан бойитиш имконини бермоқда.

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги устувор вазифа сифатида ёндашилади.

Учрашувда қайд этилганидек, бугунги тадбир гиёҳванд моддалар савдоси, унинг ноқонуний айланиши ва турли таҳдидларга қарши биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ўзаро манфаатли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Мажлис ўзаро ишчанлик ва конструктив руҳда, экспертлар иштирокидаги давра суҳбатларида давом этди.

Делегация аъзолари трансмиллий жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишдаги миллий саъй-ҳаракатлар бўйича маълумотлар алмашишди. Минтақада гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва транзит қилинишига барҳам беришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда кун тартибидан ўрин олган қатор масалалар, хусусан, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйиш, янги турдаги психотоксик моддалар тарқалишининг олдини олиш, ушбу жараёнларни ва терроризмни молиялаштиришдаги оқимларга қарши курашиш, минтақавий ҳамкорликдаги янги тенденцияларни белгилашдек устувор вазифалар кўриб чиқилди.

 

Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться