Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг 2019-2020 ўқув йили бошланиши муносабати билан қўшинларга мурожаати

2019-05-02 | Таълим

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, 
Қуролли Кучлар хизматчилари ва фахрийлари! 
 

Сизларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мудофаа қурилиши соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади – миллий армиямизнинг жанговар қудрати ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, 2018 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз томонидан армиямизнинг жанговар салоҳиятини янада юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилгани мазкур ислоҳотларнинг бардавомлигидан далолатдир.

Бугун қўшинларда янги 2019-2020 ўқув йилини “Жанговар руҳни мустаҳкамлаш ҳамда жанговар ва касбий тайёргарликни ошириш – ҳар бир ҳарбий хизматчининг вазифасидир!” шиори остида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик тадбирларини юқори уюшқоқлик билан бошламоқдамиз.

Янги ўқув йили давомида шахсий таркибнинг жанговар ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан моҳирона фойдаланиш кўникмаларининг оширилишига, илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш ва қўшинлар фаолиятига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ҳурматли ҳарбий хизматчилар!

Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, давлатимиз хавфсизлигига қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзининг жанговар ва касбий тайёргарлиги, маънавий-маърифий савиясини ошириб бориши ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу билан бирга, қўшинларда жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик тадбирларини самарали ташкил қилишда командирларнинг назарий ва амалий билимлари, тажрибаси, етакчилик қобилияти, фидойилиги ҳамда ўз бурчига содиқлиги алоҳида ўрин тутади.

Шу боис “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўз меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқ эканлигини исботлаши шарт” деган тамойил фаолиятимизни баҳолашнинг асосий мезони бўлиб қолмоғи лозим.

Жорий йилдан бошлаб Ҳарбий Қасамёд қабул қилган аскарларга Президентимиз номидан “Темур тузуклари” ҳамда “Ўзбекистон тарихи” китоблари совға қилинди. Ушбу китобларни қунт билан ўрганиш келгусида уларда мардлик, жасорат, Ватанга меҳр ва садоқат, миллий ғурур туйғуларини оширишга хизмат қилади.

Улуғ аждодларимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларнинг жанговар маҳорати ҳамда замонавий ҳарбий санъатнинг сир-асрорларини чуқур ўрганиш ҳамда моҳирона қўллашга доимо шай туриш энг муҳим бурчимиз эканлигини англаб етишимиз лозим.

Ўз навбатида, Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари томонидан ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмасини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилади.

Ушбу қутлуғ кунда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган Сиз, азму шижоатли ўғлонларимизга халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Сизларнинг мардонавор хизматингиз туфайли мамлакатимиз мудофаа қудрати мустаҳкам, осмонимиз мусаффо, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти тинч ва фаровондир.

Бошланган янги 2019-2020 ўқув йилида Сизларга жонажон Ватанимизни ҳимоя қилишдек шарафли вазифани чин юракдан адо этишда соғлик-омонлик, юксак шижоат, мустаҳкам ирода ва муваффақиятлар тилайман.

Генерал-майор Баҳодир ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Поделиться