Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-05-02 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.

Ички бозордаги эҳтиёжлар ҳажмларининг таҳлили давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини амалга ошириш орқали саноат кооперациясини ва талаб юқори бўлган товарларнинг алоҳида турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, кичик бизнес субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар республика саноат кооперациясини ривожлантиришнинг узоқ муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари деб ҳисоблансин:

саноат маҳсулотлари бозорининг барча қатламларидаги хўжалик юритувчи субъектларни мақсадли жалб қилиш, барча манфаатдор доираларга республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериш орқалидастурий чора-тадбирларни амалга ошириш ва мунтазам равишда саноат ярмаркалари ўтказиш;

ҳамкорлар топиш, хўжалик, шу жумладан, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим воситаси сифатида электрон кооперация порталининг фаолиятини ташкил этиш, унда саноат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича хўжалик шартномаларини (контрактларни) тезкорлик билан масофадан тузиш имкониятини тақдим қилиш;

технопарклар ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, давлат харидлари тизими орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун барқарор талабни шакллантиришни назарда тутадиган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.

2. 2019 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштирилиши тавсия этиладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларнинг янги турлари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ҳар ярим йилда камида бир марта қуйидаги таклифлар асосида янгиланади:

республика минтақаларининг табиий, минерал-хомашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳияти, тегишли инфратузилмаси, импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмлари, таркиби ва номенклатураси, шунингдек, ишга туширилаётган йирик ишлаб чиқариш қувватларининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг таклифлари;

ташқи бозорлар конъюнктурасига мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг таклифлари;

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар, шу жумладан, ҳар йили ўтказиладиган Халқаро инновация ярмаркаси давомида тақдим этилган инновацион ғоялар асосидаЎзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифлари;

монополлашув ва рақобат муҳитини ривожлантириш, ўзаро бир-бирининг ўрнини тўлдирувчи товарлар ва нарх омилини инобатга олган ҳолда ички бозорнинг товарлар билан тўйинганлиги даражасини баҳолаш асосида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг таклифлари.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Рўйхатга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун, шу жумладан, Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси иштирокида инвестицияларни жалб этиш чораларини кўрсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тизимини эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

а) фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида янги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, технопаркларни қуриш;

б) аввало, Рўйхат бўйича янги маҳсулот турларини тайёрловчи ишлаб чиқаришларни жойлаштирган ҳолда “Тошкент механика заводи” АЖнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ҳудуди негизида технопарк ташкил этиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳани амалга ошириш учун олинган кредитнинг 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорига кафиллик бериш ва Рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкаларини 5 фоизгача қоплаш шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини амалга ошириш.

5. “Тошкент механика заводи” АЖнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ҳудуди негизида технопарк ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари этиб 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида зарур инфратузилмани барпо этиш учун назарда тутилган 50 миллиард сўм миқдоридаги марказлашган маблағлар белгилансин.

6. Мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича комиссиянинг (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссиянинг ишчи органи этиб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги белгилансин.

7. Комиссияга (Б.А.Ходжаев):

талаб юқори бўлган маҳсулотлар, шу жумладан, истеъмол товарларининг рўйхатини, мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш механизмларини белгилаш, улар асосида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини ҳар йили тасдиқланадиган манзилли рўйхатларга киритиш;

Рўйхатда кўрсатилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни ўз вақтида амалга ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўрган ҳолда, ушбу жараёнларни мониторинг ва назорат қилиш, шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватлашни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.

8. 2019 йил 1 июлдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) маҳаллий етказиб берувчиларнинг иштирокини ва нарх шаклланишида шаффофликни таъминлаш учун давлат буюртмачилари томонидан импорт товарларни харид қилиш тўғрисидаги истаклар давлат харидлари махсус ахборот порталида ҳам жойлаштирилади;

б) уч ёки ундан ортиқ иштирокчилар – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин;

в) буюртмачиларга Рўйхатдаги маҳсулотларни харид қилишда инвесторга, сифат бўйича, келишилган техник ва нарх кўрсаткичларига амал қилиш шарти билан, етказиб бериш вақтидан бошлаб икки йил давомида маҳсулотнинг давлат харидлари тизими орқали сотиб олинишига кафолат тақдим этувчи махсус контрактларни танлов тартиб-таомиллари орқали тузиш ҳуқуқи берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ билан биргаликда олти ой муддатда давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган электрон кооперация порталини ишлаб чиқсин ва уни қўллаб-қувватлашни таъминласин. Унда қуйидаги имкониятлар назарда тутилсин:

а) бир неча мезонлар ва кўрсаткичлар бўйича излаш имкониятига эга бўлган, мунтазам янгилаб бориладиган ҳамда қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олувчи маълумотлар базасини шакллантириш ва жойлаштириш:

10 та белгидан иборат ТИФ ТН кодлари билан ўзаро боғлиқликда ҳар бир маҳсулот тури бўйича товар бозорининг ҳажми (ишлаб чиқариш, импорт, экспорт ҳажми) тўғрисида;

маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номенклатураси, унинг техник ва нарх кўрсаткичлари, шунингдек, саноат кооперациясини ўрнатиш бўйича таклифларни акс эттирган ҳолда, ушбу корхоналартўғрисида;

давлат ва корпоратив буюртмачилар, шунингдек, стратегик харидорлар эҳтиёжларини қондириш мақсадида келгуси давр учун харид режалари ва режа-графиклар тўғрисида;

маҳаллий корхоналар негизида ишлаб чиқариш тавсия этилаётган ўзлаштирилиши истиқболли маҳсулот турлари тўғрисида;

б) корхоналар томонидан керакли шакллар онлайн режимда мустақил тўлдирилиши орқали маҳаллий корхоналар учун ахборотни маълумотлар базасига бепул киритиш имконияти;

в) корхоналар, етказиб берувчилар ва давлат органлари ўртасида интерактив ҳамкорлик қилиш имконияти;

г) порталнинг статистика, божхона, солиқ ва молия органларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашганлиги.

Белгилаб қўйилсинки, Рўйхат электрон кооперация порталида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг расмий веб-сайтида бепул асосда мажбурий равишда эълон қилинади.

10. Қуйидагилар электрон кооперация порталига тегишли ахборотлар тўғри ва ҳаққоний киритилиши ва уни ўз вақтида янгилаб борилиши учун масъул этиб белгилансин:

республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзстандарт” агентлигининг ҳудудий бўлинмалари;

саноат маҳсулотлари импорти юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси;

келгуси давр учун давлат харидларининг режа-графиклари ва давлат харидларининг ўтган йилдаги амалдаги ҳажми юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, устав фонди (капитали)даги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

маҳаллий корхоналар негизида ишлаб чиқариш тавсия этилаётган ўзлаштирилиши истиқболли маҳсулот турлари юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

ушбу қарорнинг 10-бандида кўрсатилган маълумотларнинг электрон кооперация порталига ўз вақтида ва тўлиқ киритилиши устидан назоратни таъминласин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Саноат ярмаркаларини ва электрон кооперация портали фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда электрон кооперация порталига киритиладиган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган (ТИФ ТН коди 10 та белгидан иборат) маҳсулотларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

12. Қуйидагиларга:

иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А.Ходжаевга – саноат соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, Рўйхатга киритилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар ишлаб чиқаришни ривожлантириш жараёнини мувофиқлаштириш, шунингдек, электрон кооперация порталининг фаолият кўрсатиши, иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш бўйича экспериментни самарали амалга ошириш юзасидан;

инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқовга –инвесторларни излаш ва уларни эркин иқтисодий зоналарга жойлаштириш, биринчи навбатда, Рўйхатга киритилган маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан;

“Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ раиси Ф.Ф.Ибрагимовга – электрон кооперация порталини яратиш ва унинг давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашувини таъминлаш юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.И.Икромовга – республикада ишлаб чиқарилаётган товарлар, ишлар ва хизматларнинг саноат ярмаркасини ташкил этиш, хўжалик юритувчи субъектларни харид фаолиятига жалб қилиш, харид қилиш операцияларининг доимий равишда янги ташкил этилаётган электрон кооперация портали орқали ўтказилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарорнинг моҳияти ва қоидалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги:

бир ой муддатда “Тошкент механика заводи” АЖнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ҳудуди негизида технопарк фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

бир ой муддатда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва талаб юқори бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича “йўл харита”ларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

уч ой муддатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга харид қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, уларнинг шаффофлигини оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни киритсин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2019 йил 1 май

 

Манба: ЎзА

Поделиться