Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум – 2019” давом этмоқда
2019-05-02 | МДҲ
Форум доирасида 3-4 май кунлари “Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси” мавзусида семинарлар ўтказилади. Ушбу форум ва икки кунлик семинар “Al Huda” ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази, “Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum” халқаро инвестицион компанияси ҳамда Ислом тараққиёт банкининг ICD тармоғи билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Форумда ислом банк - молия соҳасидаги тарихий воқеалар, глобал ғоя ва йўналишлар, такафул (ислом суғуртаси), Ўзбекистоннинг ислом банк - молия тармоғини ривожлантиришдаги имкониятлари ва бу йўналишдаги аниқ вазифалар хусусида сўз юритилмоқда. Айни вақтда Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Тожикистонда бу борада қилинаётган ишлар билан қизиқдик. "Имон" микрокредит жамғармаси васийлик кенгаши раиси Гулнора Маҳкамова қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Айни вақтда Ислом молиялаш тизими барча банклар ва молия муассасалари учун янги тизим, – дейди Г.Маҳкамова. – Шундан бўлса-да, унга бўлган талаб ортиб бормоқда. Ваҳоланки, бунда ислом молиясининг талаблари энг аввало ҳамкорликка асосланган. У тадбиркорни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ривожланиш истагидаги ҳар бир давлатга бу каби иқтисодий хизматлар жуда ҳам керак. Тожикистонда ҳам бундан уч йил олдин ислом банки тўғрисида қонун қабул қилинган бўлса-да, уни ривожлантириш ва бундай маҳсулотларни оммалаштиришга эришганимиз йўқ. Чунки, бизда бу соҳада билимли кадрлар йўқ. Агарда биринчи ўринда кадрларни тайёрлаб, уларнинг малакасини оширмасак, ислом молияси тармоқлари ва маҳсулотларини тақдим этишда камчиликка йўл қўйишимиз мумкин.
Шуни эътиборга олиб, айни вақтда биз соҳа вакилларини Покистон, Малайзия, Қозоғистон каби давлатларда малакасини оширдик. Ҳозирда ислом молияси дарчасини очиш арафасидамиз. Тожикистон миллий банки бу борадаги барча ҳужжатларни тайёрлаб бўлди. Яқинда, малакали, хорижда маҳоратини оширган кадрларимиз кўмагида исломий хизматлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Бунинг учун лецензия олсак бўлди.
Қайд этиш жоизки, форум иштирокчиси, юртимиздаги бир қатор, хусусан, Хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” ва “Ҳамкорбанк” каби ташкилотлар билан бир неча йилдан буён дўстона ҳамкорликни йўлга қўйган экан. Шу боис кейинги йилларда чегаралар очилиб, икки давлат ўртасида муносабатлар яхшиланганидан жуда қувонгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.
Форум давом этмоқда. Биз омонатга пул қўйиш судхўрликми? Ислом банкларида бу қандай амалга оширилади? Каби саволга жавоб излаб кўрдик.
Бизни кузатишда давом этинг.
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА