Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлиги мустаҳкамланади
2019-05-02 | Жамият
2 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш борасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-учрашувида қатнашиш учун юртимизга ташриф буюрган БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, суҳбатда Ўзбекистон билан БМТ институтлари, жумладан Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқарма ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларига оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Музокараларда муносабатларнинг жадал ривожланаётгани мамнуният билан эътироф этилди ва томонларда муайян соҳалардаги ҳамкорлик кўламини оширишга қизиқиш борлиги тасдиқланди.
Учрашувда, шунингдек, баъзи минтақавий масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши, унинг минтақавий алоқаларга жалб қилиниши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиёт учун муҳим шароит яратиши таъкидланди.
Суҳбатда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА