Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Хитой адлия вазирлари учрашди
2019-05-02 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Адлия вазири Фу Чжэнхуа раҳбарлигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Унда томонлар ўзаро тажриба алмашишни ташкиллаштириш, юриспруденция соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ҳамда ХХР Адлия вазирлиги Суд экспертиза институти, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ва Умумхитой юристлар уюшмаси ўртасида ҳамкорликни ўрнатишнинг муҳим экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги очиқ ва стратегик ҳамкорлик йил сайин янги амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама асосда ҳам, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан БМТ ва ШҲТ тузилмалари доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, ШҲТ саммити ва “Бир камар, бир йўл” халқаро форумида давлатларимиз раҳбарлари Хитой ва Ўзбекистон кенг қамровли шериклик ва кўп форматли ҳамкорликка катта аҳамият қаратаётганини қайд этдилар.
Ҳар икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида 2018 - 2020 йилларда юридик хизматлар соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича амалий ҳаракатлар режаси (“йўл харитаси”)ни тасдиқлаш тўғрисида келишув мавжуд. Томонларнинг фикрича, “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга оширилишини жадалллаштириш вазирликлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.
Томонлар вакилларининг юридик хизматларга доир қўшма тадбирларда иштирок этиши, Ўзбекистонда етакчи адвокатлик фирмаларининг ваколатхоналарининг очиш, нотариат фаолиятига АКТни жорий этиш орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига техник ёрдам кўрсатиш мазкур вазифалардандир. ХХР делегацияси мазкур йўналишларда ҳамкорлик қилишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: ЎзА