Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Екатеринбургда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ватандошлар билан учрашув ўтказилди
2019-05-02 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистонни дунёга танитиш, юртимизнинг туризм салоҳиятини оммалаштириш бўйича ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдираётган хориждаги ватандошлар ва улар томонидан ташкил этилган ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Урал федерал округида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тақдимот қилиш ва ватандошлар билан мулоқотни янада ривожлантириш мақсадида Урал давлат иқтисодиёт университети (УДИУ) биносида тадбир ўтказилди.
Тадбирда ўзбек диаспораси ташкилотлари раҳбарлари, Урал давлат иқтисодиёт университети ўқитувчилари ва кафедра мудирлари ҳамда Свердловск вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва фаол ватандошлар иштирок этишди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг туризм индустриясида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ички туризмни ривожлантириш, янги туризм маршурутлари, туризм логистикаси ва инфратузилмаси сифатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида маълумотлар берилди.
Урал давлат иқтисодиёт университети “Бизнес туризм ва меҳмоннавозлик" кафедраси мудири Олга Эргунованинг таъкидлашича, Свердловск вилоятидаги университетларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар юқори тайёргарлиги ҳамда фаоллиги билан ажралиб туради. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига қизиқиш билдираётган россияликлар сони кўпайиб бормоқда, Урал аҳолиси учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти истиқболли ва оммабоп йўналиш ҳисобланмоқда. Туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қўшма илмий-тадқиқотларни амалга ошириш бўйича Самарқанд “Ипак йўли" халқаро туризм университети билан Урал давлат иқтисодиёт университети ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистонлик ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва уларга берилаётган эътибор учун фаол ўзбек диаспораси вакиллари, жумладан Закир Оллаберганов, Шавкат Пулатов ва Баходир Бухарский ўз миннатдорчилигини билдиришиб, Свердловск вилоятида ўзбек диаспора вакиллари мамлакатимиздаги улкан ўзгаришларни яқиндан кузатаётгани ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этишга тайёр эканлигини маълум қилишди.
Ўзбекистонлик ёшлар номидан сўзга чиққан, Урал давлат юридик университети талабаси Мохинур Каримова ва Урал давлат иқтисодиёт университети талабаси Азизбек Муродиллаевлар Россияда Ўзбекистонни оммалаштириш бўйича қўшма тадбирлар, мамлакатимизда туризм таълими ва ёшлар туризмини ривожлантириш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон ва Урал талабалари ўртасида ўрнатилган алоқалар бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришди.
Ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотларини оммалаштириш, мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш юртимизга туристлар оқимини ошириш ҳамда логистика масалалари бўйича ватандошларимиз ўзларининг фикрлари ва аниқ таклифларини илгари суришди.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш ва туристлар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари юзасидан ватандошларимиз билан амалий ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси юртимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, мамлакатни хорижда танитиш ва туризм салоҳиятини оммалаштиришда ўз ҳиссасини қўшаётган фаол ватандошларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги