Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикада жорий йилнинг I чорагида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар
2019-05-02 | Технологиялар
2019 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Республикада жорий йилнинг I чорагида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар" юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбариятининг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари, Ахборт технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни таъминлашнинг янги тизимини ҳаётга татбиқ этиш доирасида жорий йил давомида 42 та “Рақамли технологиялар ўқув марказлари" фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган. Бугунги кунда Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани, Наманган вилояти Наманган шаҳри, Бухоро вилояти Когон шаҳри, Хоразм вилояти Урганч шаҳри ҳамда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида мазкур Марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йил якунига қадар ушбу Марказларда 86 минг нафардан ортиқ ёшларни ўқитиш режалаштирилмоқда.
Ҳиндистоннинг дастурий технологиялар технопарки билан ҳамкорликда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 200 дан ортиқ дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш, 1 000 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, миллий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт кўламини ошириш, мазкур йўналишда қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконияти яратилади.
Ўтган даврда кенг полосали Интернетдан фойдаланиш имконияти 1,12 млн. портга, оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 30 минг км.га, ФТТх технологияси асосида юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланиш хизматларидан фойдаланаётган абонентлар сони 652,5 минг нафарга етказилди.
Wi-Fi ҳудудларига уланиш нуқталарини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига кўра, хўжалик юритувчи субектлар, телекоммуникация оператор ва провайдерлари томонидан 500 дан ортиқ Wi-Fi орқали Интернетга уланиш нуқталари ўрнатилиб, ишга туширилган.
“Хавфсиз шаҳар" лойиҳасини ривожлантириш доирасида умумий қиймати 300 млн. евро миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича Атлас Интернатионал (Германия) компанияси билан Келишув имзоланган. Бундан ташқари, “Huawei” компанияси ва хитойлик бошқа компаниялар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида “Хавфсиз шаҳар" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.
Шу билан бирга, тадбирда соҳада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янада такомиллаштиришга тўсқинлиқ қилаётган айрим камчилик ва муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Тадбирда қўмита аъзолари мамлакатимизда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижросини кенг миқёсда бажариш, соҳани замонавий стандартлар асосида тараққий эттириш бўйича барча зарур чораларни кўриш лозимлигини таъкидладилар. Бу борада зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги