Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Корея Республикаси Бош прокурори билан учрашди
2019-05-01 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳамедов ва Корея Республикаси бош прокурори Мун Му Ил ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Учрашувда, шунингдек, Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ўн У, Корея Республикаси Бош прокуратурасининг Халқаро ҳамкорлик маркази раҳбари Янг Бэ Сон, унинг ўринбосари Сан Чул Хонг, Корея Республикаси бош прокурорининг ёрдамчиси Жин Су Парк, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник И. Бобомуродов, ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи, полковник Н. Галипшин, ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, полковник Ш. Ғиёсов иштирок этди.
Генерал-майор Д. Назармуҳамедов юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, икки давлат ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат билан мустаҳкамланган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22-23 ноябрда Корея Республикасига ташрифи ҳамда Корея Республикаси Президентининг жорий йил 19-21 апрелда Ўзбекистонга ташрифи билан янги босқичга кўтарилганлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига нисбатан ёндашувларда бир-бирига тўла мувофиқлик касб этиб келади.
Бугунги кунга қадар икки давлат ўртасида 170 дан ортиқ ҳуқуқий келишув ҳужжатлари имзоланган бўлиб, шундан 4 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятига тааллуқли.
2015 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Корея миллий полиция агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу йўналишда ҳамкорлик алоқалари муваффақият билан давом этмоқда.
Генерал-майор Д. Назармуҳамедов сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли равишда ташкил этиш, шунингдек, диний экстремизим, терроризм ва бошқа турдаги уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича белгиланган аниқ мақсад ва вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Ички ишлар органлари тизимида асосий куч ва эътиборни қуйи бўғинларга йўналтириш орқали биринчи навбатда жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга эътибор қаратилиши натижасида 2017-2018 йиллар давомида содир этилган жиноятлар сонининг кескин қисқаришига эришилганлигини таъкидлаб, натижада умумий жиноятлар кўрсаткичи сўнгги икки йил давомида ҳар 100 минг аҳолига 273 тадан 150 тага қисқарганлигини маълум қилди.
Ўз навбатида, Корея Республикаси бош прокурори Мун Му Ил самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирди.
– Ўзбекистонга ташрифим давомида пойтахт Тошкент шаҳрининг гўзал ва бетакрор жойларини томоша қилдим. Инсонлар юзидаги хотиржамлик, атрофдаги батартиблик юртингизда ҳақиқатан ҳам тинчлик ва хавфсизликнинг барқарорлигидан далолат бериб турибди, – деди жаноб Мун Му Ил. – Бу эса бевосита мамлакатда ички ишлар органлари фаолиятининг самарали ташкил этилганлигини тасдиқлайди. Ўйлайманки, келажакда ўзаро ишонч руҳидаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб бораверади.
Учрашув якунида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармуҳамедов юқори мартабали меҳмон ва делегациянинг бошқа аъзоларига эсдалик совғаларини топширди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги