Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан ҳамкорликдан манфаатдормиз
2019-05-01 | Жамият
Тошкентда 2019 йил 25-27 апрель кунлари ўтказилган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” – “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият берилаётгани ва бу жараён илғор тажрибалар асосида такомиллаштирилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу Халқаро форумга дунёнинг 40 давлатидан делегациялар ташриф буюрди. АҚШ, Англия, Германия, Франция, Хитой, Япония сингари мамлакатлардан экспертлар, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Саудия Арабистони, Шри-ланка, Беларусь, Озарбайжон, Афғонистон каби давлатларнинг адлия вазирлари ва вазир ўринбосарлари, қонун чиқарувчи органлари вакиллари, дунёнинг етакчи арбитраж марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Форумда иштирок этиш учун келган Афғонистон Ислом Республикаси адлия вазири Абдул Басир Анвар ЎзА мухбирига интервью берди.
–Жаноб вазир, аввало, “Тошкент ҳуқуқ баҳори” халқаро юридик форуми ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Бисмилоҳир раҳмони раҳим. Аввало, барча ташкилотчиларга ташаккур айтмоқчиман. Бу анжуман жуда муҳим тадбир бўлди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан юристлар, мутахассислар иштирок этди. Форумда юридик соҳада Ўзбекистонда ва дунёда амалга оширилаётган ишлар, жорий этилаётган хизматлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ушбу соҳада қўлланилаётган энг илғор тенденциялар каби масалалар кенг муҳокама қилинди. Жуда кўп мамлакатлардан келган соҳа вакиллари ва мутахассислар фикрини эшитдик. Тадбирда қатнашганимдан беҳад мамнунман. Ўзбекистон раҳбариятига мана шундай тадбирни ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман. Мен жуда кўп тадбир ва форумларда иштирок этганман. Жумладан, Санкт-Петурбург ва Истамбулда ўтказилган тадбирларда қатнашдим. Мазкур анжуманларда ҳам муҳим масалалар муҳокама этилди, бироқ Ўзбекистонда ўтказилган тадбир амалий натижаларга бой бўлди.
–Ўзбекистонга сафарингиз давомида нима сизда катта таассурот қолдирди?
-Тошкент шаҳрида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтган эди. Ўша тадбир доирасида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, диққатга сазовор жойларни томоша қилдик. Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилдик. Бухорои шарифда бўлдик. Тўғрисини айтсам, ислом дини тарихини Бухорода кўрдим. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон раҳбарияти азиз-авлиёлар, улуғ зотлар ётган қадамжоларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратган. Бу жуда улуғ ва савобли ишдир. Бу эзгу ишлар Ўзбекистонда тинчлик, фаровонликни таъминлашда ўзига хос муҳим аҳамият касб этади. Бу галги ташрифда ҳам Ўзбекистоннинг меҳмондўстлигини яна бир бор кўрдим. Адлия вазирлиги вакиллари биз билан бирга Термиздан Тошкентгача юрди. Биз истаган жойга кириб томоша қилдик. Термиз, Бухоро, Самарқандда амалга оширилаётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари таҳсинга сазовор. Ҳамкорлик борасида ҳам кўплаб ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
–Икки давлат раҳбарларининг сайъ-ҳаракати билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Адлия вазирликлари ўртасидаги муносабатлар ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. Келгусида икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида қайси йўналишларда ҳамкорлик қилинади?
-Кейинги икки йилдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантиришда изчил ўсишга эришилди. 2017 йилда мамлакатларимизнинг дўстона муносабатлари томонлар ҳамкорлиги учун янги истиқбол эшикларини очди. Давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқотлари биргаликдаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади. Президентлар дўстона, самимий ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотни йўлга қўйишга эришди. Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди. Дўстлик, биродарлик асосида амалга оширилаётган бу муносабатлар кегусида янада мустаҳкамланишига ишонаман. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдан манфаатдормиз. Афғонистон ва Ўзбекистоннинг ўхшаш томонлари кўп. Шулардан бири - ҳар иккисининг кўп миллатли давлатлар эканидадир. Афғонистонда ҳам Ўзбекистондаги каби тожик, ўзбек, қирғиз каби кўплаб миллат вакиллари яшайди. Уларнинг эмин-эркин яшаши учун барча шароит яратилган. Афғонистонда ҳам қонун барчага баробар. Туб миллат, ўзга миллат деган қарашлар йўқ. Барча миллат вакиллари баҳамжиҳат умргузаронлик қилмоқда. Афғонистон Адлия вазирлиги ходимларининг Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан ташкил этиладиган тадбирларда қатнашиши жуда муҳим. Зеро, бугунги кунда қонунчилик ва ҳуқуқ йўналишидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш даркор. Бу барча мамлакатлар учун муҳим ҳисобланган қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий сармоядорлар фаолиятини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлади.
ЎзА мухбири А.Ғаффоров суҳбатлашди
Манба: ЎзА