Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири Шовот туманидаги қадрдон мактабига китоблар совға қилди
2019-05-01 | Жамият
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш – бу Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 ташаббуснинг асосий йўналишларидан бири саналади.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳоҳ у раҳбар бўлсин, ҳоҳ оддий инсон ушбу 5 ташаббус орқали ўртага ташланган ғояларни рўёбга чиқаришга интилмоқда.
Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам жорий йилнинг 29 апрелида ўзи таълим олган - вилоятнинг Шовот туманидаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳамда тумандаги айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида бўлди.
Мактаб ўқувчилари билан суҳбатда вазир таълим олиш, китоб ўқиш ҳар бир ёш учун муҳимлигини таъкидлади. Китоб ўқиш орқали инсонларнинг дунёқараши кенгайиши, нутқи равон бўлиши, хотирани мустаҳкамлаши, инсонни шахс сифатида шаклланишида алоҳида аҳамиятга эгалигини қайд этди. Шу билан бирга, ҳар бир инсон ҳаётининг муайян босқичларида муҳим роль ўйнайдиган китоблар борлигига алоҳида урғу берди.
Учрашув давомида Р.Давлетов билим олган таълим масканларига ўзбек ва хорижий муаллифларнинг турли тилдаги ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, билим ва донолик, руҳий ва интеллектуал ўсишни ўргатадиган ҳуқуқий ҳамда бадиий турдаги 100дан ошиқ китобларни топширди.
Бундан ташқари, тумандаги ушбу таълим муассасаларида таълим олувчи ёшларнинг компьютер бўйича саводхонлигини янада ошириш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш ва интернетдан самарали фойдланишларида кўмак бўлиши учун 15 та компьютер жамланмаси, ноутбук ҳамда видеопроекторларни ҳам тақдим этди.
Ташкил этилган тадбирларда мактабнинг собиқ ўқувчиси Русланбек Давлетов билан бирга туман ҳокимлиги, Вилоят халқ таълими бошқармаси,“Нуроний” жамғармаси туман кенгаши мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги