Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюртмачиларнинг масъулияти янада оширилади
2019-04-30 | Жамият
2019 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги олдида турган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда вазирлик раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари ва мутахассислари, етакчи лойиҳалаштириш ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қурилиш соҳасини ислоҳ этиш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш масаласига бугунги кунда алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда архитектура-қурилиш соҳасини бошқаришнинг шаҳарсозлик фаолиятига инновацион ғоялар, ишланмалар ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини берувчи замонавий тизимни яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2018 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу ҳужжатларда архитектура-қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштиришга оид кўплаб вазифалар белгилаб берилган бўлиб, уларга мувофиқ, бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ этиш борасида кўплаб йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ миллий қурилиш нормалари ва қоидаларини қайта ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек, қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларга мослаштириш бўйича 2019 йилда 120 та меъёрий ҳужжат қайта ишланиши режалаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар, лойиҳа ташкилотлари ҳамда пудрат ташкилотларининг таклифлари асосида 2019 йил учун 120 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари рўйхати шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Дастурга асосан 2018-2022 йилларда жами 193 та шаҳарсозлик ҳужжати (23 та шаҳар, 115 та шаҳар посёлкаси ҳамда 55 та қишлоқ (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш (АПОТ) лойиҳаларини) ишлаб чиқиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар Қурилиш бош бошқармалари буюртмачилигида ушбу дастур ва топшириқлар асосида 2018 йилда жами 83 та шаҳарсозлик ҳужжати (8 та шаҳарнинг ва 30 та шаҳар посёлкасининг бош режалари ҳамда 45 та қишлоқ (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш (АПОТ) лойиҳаларини) тўлиқ ишлаб чиқилишига эришилди.
Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонаси ва унинг филиаллари томонидан 2018 йилда жами 38 080 та объектнинг лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилиб, экспертиза хулосалари берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги ва 2018 йил 2 июлдаги «2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида»ги қарорлари ҳамда бошқа дастурлари ижроси бўйича ҳудудлар, вазирлик ва идоралар буюртмачи бўлган қурилиши, реконструкцияси ва капитал таъмирланиши режалаштирилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари кўриб чиқилиб, экспертиза хулосалари берилди.
2019 йил Инвестиция дастурлари ва бошқа буюртмаларга асосан Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонаси ва унинг филиаллари томонидан 2019 йил I чорак якуни бўйича жами 18 099 та объектнинг лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилди. Хусусан, 1 205 та ижтимоий соҳа, 1 558 та инфратузилма ҳамда вазирлик ва идоралар такибидаги объектлар, 14 620 та қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойлар ва республиканинг шаҳарларида 335 та кўп хонадонли (кўп қаватли) арзон уй-жойлари ва бошқа 381 та якка тартибдаги мураккаб тоифадаги объектлар.
Архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, хорижий етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Қурилиш вазирлиги таркибидаги Тошкент архитектура-қурилиш институтида 18 та бакалавриат таълим йўналиши ва 23 та магистратура мутахассислиги, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида 20 та бакалавриат таълим йўналиши ва 14 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент архитектура-қурилиш институти қошидаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида 13 та йўналишда, Жиззах политехника институтига қарашли Архитектор-лойиҳачилар ва қурувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда минтақавий марказида 5 та йўналишда ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида 9 та йўналишда лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси ходимлари ўз малакаларини оширмоқда.
Тадбирда аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами учун қуриладиган уй-жойлар ва уларнинг сифати, нархлари бўйича ҳам саволлар бўлди.
– 2019 йил Дастурига мувофиқ республикамиз бўйича жами 351 та массивда 15 010 та арзон уй-жой ва хонадонлар қурилиши режалаштирилган, – деди қурилиш вазирининг ўринбосари Шуҳратхўжа Хошимов. – Шундан 11 070 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун, 658 таси алоҳида намуна кўрсатаётган фаол ёшлар учун, 1 272 таси ижтимоий оғир вазиятга тушиб қолган аёллар учун, шунингдек, 1 050 та Мудофаа вазирлиги, 450 та Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва 510 таси Ички ишлар органлари ходимлари учун қуриладиган уйлардир. Ушбу турар жойларнинг сифат ва нарх масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги кунда намунавий лойиҳалар асосида қуриладиган уйлар сифати ва нархи бўйича буюртмачиларнинг мажбуриятини янада кучайтириш масаласи жиддий кўриб чиқилмоқда. 2018 йил қурилган турар жой объектлари назорати натижаларига кўра, қурилиш ишларини сифатсиз, қониқарсиз бажарган пудрат ташкилотларига нисбатан 58 млрд сўм миқдорида жарималар қўлланилган. Қурилиш ишларида маълум тажрибага эга ишчилар хизматидан фойдаланиш амалиётини жорий этиш бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, жорий йилда қишлоқ жойларда қурилаётган турар жойларда энергия самарадор ва тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда уйларнинг энергиясамарадорлигини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида 5 та вилоятда қурилаётган 800 та уй қуёш панеллари билан жиҳозланмоқда. Бу эса ушбу уйлардаги иситиш тизими билан боғлиқ барча масалаларга ечим бўлади. Бундан ташқари, иқлим шароити ноқулай бўлган, алоҳида лойиҳавий ечимлар талаб қилувчи ҳудудлар бўйича ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тупроғи шўр бўлган ҳудудлардаги бинолар чидамлилигини ошириш бўйича «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК лойиҳалаштириш институти ходимлари томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган изланиш ва ўрганишлар натижасида қурилиш материалларини шўрга чидамлилигини ошириш ечимлари ўрганилиб, бугун кенг миқёсда қўлланишга жорий этилмоқда.
Журналистлар юртимизда кўп қаватли бинолар қурилишини янада жонлантириш бўйича кўрилаётган чоралар бўйича савол билан ҳам мурожаат этишди.
– 2019 йил Дастурига асосан республикамизда жами 390 та, хусусан 25 та 5 қаватли, 338 та 7 қаватли, 35 та 9 қаватли ва 2 та 16 қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган, – деди Ш. Хошимов. – Бугунги кунда ушбу турар жойларда қурилиш-монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.
Қизғин муҳокама ва савол-жавобларга бой бўлган анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча мавзулар юзасидан, шунингдек, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа дастурлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитаси