Тошкентда давом этаётган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” – “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов Жаҳон банкининг давлат сектори бўйича катта мутахассиси Валид Ҳайдар Малик билан учрашди.
Учрашув чоғида Валид Ҳайдар Малик қўшма лойиҳани амалга ошириш орқали адлия соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. У бундай лойиҳалар Тожикистон, Озарбайжон, Хорватия ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли амалга оширилганини қайд этиб, Жаҳон банкининг ушбу йўналишдаги фаолияти, кўмак шакллари ва услублари тўғрисида маълумот берди.
Шу билан бирга, учрашув чоғида томонлар узоқ истиқболли ва манфаатли ҳамкорликнинг долзарб ва муҳим масалалари бўйича фикр алмашди.
Учрашув сўнггида В.Малик ушбу ташаббус Ўзбекистон томонида қизиқиш уйғотса, уни амалиётга жорий этишга тайёр эканини билдирди. Учрашув очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтди.
Эслатиб ўтамиз, “Tashkent Law Spring” халқаро юридик форумида дунёнинг 40 мамлакатидан вакиллар, мингдан ортиқ экспертлар иштирок этмоқда.
Манба: ЎзА