Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат дастурининг биринчи чоракдаги натижалари

2019-04-26 | Жамият

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг ”Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилиши бўйича ҳисоботни муҳокама қилишга бағишланган мажлислари ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши таклиф қилинган эди.
 
Шу мақсадда депутатлар ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис олдидаги масъулиятини янада оширишни кўзда тутувчи “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ав қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
 
Эндиликда Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламент палаталарига Мурожаатномадан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши белгилаб қўйилди. Ушбу янгилик ўз навбатида Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириши баробарида, парламент аъзоларининг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол қатнашишига хизмат қилади. Мазкур амалиётнинг мамлакатимизда жорий этилиши илғор ривожланган давлатлар тажрибаси ифодасидир.
 
Қайд этиш лозимки, мазкур ҳисоботга Ҳукумат томонидан пухта тайёргарлик кўрилган бўлиб, Қонунчилик палатасига тақдим этилгунига қадар Вазирлар Маҳкамаси раёсатида муҳокама қилинган.
 
Депутатлар Ҳукумат томонидан Давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисобот даврида сезиларли ишлар амалга оширилганини қайд этиш билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан таклифлар билдирди.
 
Давлат дастурининг 63 та банди жорий йилнинг биринчи чорагида бажарилиши белгиланган бўлиб, шундан 46 та банд тўлиқ ижро этилган. Шунингдек, 27 банд бўйича ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган 24 банд бўйича вазифалар айрим сабабларга кўра ўз вақтида бажарилмаган.
 
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратишга эришилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоизга, хусусан, саноат соҳаси 6,8 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 11,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 5,9 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 2,5 фоизга ўсган. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чорагидаги даромадлари 23 триллион сўмни, харажатлари эса 24,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,7 баробарга ошган.
 
Янги форматда, қизғин ва конструктив руҳда ўтган мазкур тадбирда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Парламент аъзолари томонидан тадбирда билдирилган таклифлар асосида Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, соҳада олиб борилаётган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назорат ўрнатишга келишиб олинди.
 
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари ҳам Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини танқидий таҳлил асосида кўриб чиқди. Муҳокамаларда депутатлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда баъзи камчиликлар аниқланганини қайд этди. Жумладан, Давлат дастурининг 22-бандида ҳудудларни ободонлаштириш тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи Президент қарорини қабул қилиш белгиланган бўлиб, амалда ижроси таъминланмаган. Шунингдек, Давлат дастурининг 120-бандида белгиланган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида соҳага тааллуқли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ижроси ҳам таъминланмаган. Бундан ташқари, автомобиль ва ички йўллар қурилишининг республика миқёсидаги қамрови, таъмирланаётган йўлларнинг сифати, арзон уй-жойлар қурилиши, уларнинг нархи ва сифатига етарлича эътибор берилмагани депутатлар томонидан танқид қилинди.
 
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган муҳокамаларда Давлат дастурида белгиланган аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя масалаларига доир вазифалар ижроси таҳлил этилди. Таъкидланганидек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш манзилли дастури тасдиқланди. Унда 13 мингдан зиёд аёлни ишга жойлаштириш белгиланган. Шунингдек, жорий йилда 1,6 минг нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозир Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал тўловларини амалга ошириш учун тижорат банкларида талабгорларга ҳисобрақамлари очилмоқда.
 
Мажлисда депутатлар тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базаси ва инфратузилмаси етарли даражада ривожланмагани уларга ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтириш, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаётганини таъкидлади.
 
Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тиббиёт муассасалари таркибида умидсиз оғир беморлар учун Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳудудлараро хоспис бўлимларини ташкил қилиш ишлари охирига етказилмагани қайд этилди.
 
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари томонидан Давлат дастурида белгиланган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш (31-банд), унинг таркибида ”Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиш (190-банд) бўйича белгиланган муддатлар ўз вақтидан ўтиб кетган бўлишига қарамай, масъуллар томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмагани танқид қилинди. Шунингдек, Давлат дастурининг 8-бандида ҳокимият вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган ”Электрон парламент” тизими лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий харажатлар манбаларига ойдинлик киритилмагани сабабли ҳанузгача ушбу вазифани якунлашнинг имкони бўлмаётгани қайд этилди.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча қўмиталарида ўтказилган бундай муҳокамалар депутатлар томонидан берилган саволлар асосида қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Қўмиталар томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ҳукумат ҳисоботини ялпи мажлисда кўриб чиқиш таклифлари билдирилди.
 

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться