Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Русланбек Давлетов: Муаммоларимизни тан оламиз ва уларнинг ечимлари устида халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашга тайёрмиз

2019-04-26 | Жамият

Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми очилишида сўзга чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлига кирган мамлакатимиз олдида турган ҳуқуқий муаммолар ҳамда бу борадаги асосий вазифаларни санаб ўтди:

– Бугун Ўзбекистон катта баҳорни қарши оляпти. Tashkent Law Spring – бу юртимизга келган баҳор. Форумнинг аҳамияти шундаки, бутун халқаро жамиятга очиляпти Ўзбекистон. Мингдан ортиқ иштирокчи шу мақсадда йиғилган, 40 дан ортиқ давлатдан вакиллар келган. Натижа, албатта, биз ўйлагандан юқори бўлади. Юртимиз жадал ривожланиш йўлидан кетаётган бир вақтда қонун устуворлиги биз учун энг муҳим масала. Ўйлаймизки, асосий тадбирдан ташқари, юртимизнинг қадимий шаҳарлари, буюк Самарқанд Бухоро ва Хива саёҳатидан ҳам яхши таассуротлар оласиз. 

Ҳурматли форум иштирокчилари! Бугун жамиятимизни янгилаш, унинг демократик асосларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритар эканмиз, биз бу жараёнда муаммодан холимиз, деган фикрдан йироқмиз. Чунки модернизация ва трансформация жараёнига халақит бераётган, йиллар давомида ечилмасдан келаётган турли хил муаммолар ҳозирги кунда мавжуд, ҳуқуқий таҳдидлар ҳануз сақланмоқда. Бу ҳақида биз очиқ-ойдин гапиришга, халқаро ҳамжамият билан уларнинг ечимлари устида ишлашга тайёрмиз. 

Рухсат берсангиз, бугунги кунда Ўзбекистон олдида турган ҳуқуқий вазифалар ҳақида сўз юритсам, ва биз ишлайдиган энг устувор йўналишлар бўйича фикр алмашсам.  

Биринчидан, бу бугунги кундаги қонунлар ижросидир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 90 та қонун, 2000 га яқин қарор ва фармонлар қабул қилинган. Бугунги кунда энг долзарб масала – бу уларни амалда татбиқ этиш.    

Иккинчидан – бу инвестиция соҳаси. Инвестицияларсиз Ўзбекистон ривожланмаслигини тан оламиз. Бунинг учун эса муҳит яратиш керак. Бунда юристларга катта масъулият юкланади. Қабул қилинаётган қарорлар барқарорлиги, келаётган инвестор уни нима кутаётганини билиши ва ҳар қандай давлат органининг бу мақсадда бирлашиши мақсадга мувофиқ. Юз бераётган ўзгаришларга ҳамма гувоҳ: молия-банк, солиқ сиёсати соҳасида, рақамлаштириш бўйича 2030 йилгача давлат дастури ишлаб чиқилди, ҳаттоки ерни хусусийлаштириш биринчи марта қонуний асосга эга бўлади. Бу жараённи секинлаштириб бўлмайди. Бугун муҳит яратсак, эртага бизга инвестор келади.
     
Учинчи йўналиш – бу мулк ҳуқуқи. Мулк ҳуқуқини қадрият сифатида қадрлаш керак. Шунинг учун ҳам унинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича чора қабул қилиш жуда муҳим масала. 

Тўртинчи масала – меҳнат қонунчилигини либераллаштириш. Чунки бизнинг Меҳнат кодексимиз ўша собиқ Иттифоқ даврида шаклланган концепция асосида бугунги кунгача сақланиб қолган. Унда эса хусусий секторга хос бўлган мослашувчанлик принципи етишмайди. 

Бешинчиси – фуқаролик қонунчилиги. Оператив ва хўжалик бошқаруви деган жиҳатларни концептуал томондан ўрганиш лозим. 

Олтинчиси – қишлоқ хўжалиги. Бу соҳага ҳам замонавий бошқарув механизмларини татбиқ қилиш лозим. Бизга кластер деган институт кириб келди. Буларнинг ҳаммасини ҳуқуқий томондан тартибга солиш муҳим масала бўлиб қолмоқда. 

Шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Биз бу борада кўмакчи бўлиб қоламиз. Бундан ташқари, тобора шиддат билан ривожланиб келаётган интернетдаги муносабатларни тартибга солиш (блокчейн) бўйича илк изланишларни бошладик. Қолаверса, биз ҳозирданоқ ўзимизга 15 йилдан кейин Ўзбекистон ҳуқуқ нуқтаи назаридан қанақа бўлиши кераклиги ҳақидаги саволларни беришимиз керак. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться