Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Енгил атлетикачиларимиз Осиё чемпионатини бронза медали билан якунлади
2019-04-25 | Спорт
Кеча Қатарнинг Доҳа шаҳрида ташкил этилган енгил атлетика бўйича навбатдаги Осиё чемпионати баҳслари якунланди.
Мусобақанинг сўнгги кунида уч нафар ҳамюртимиз қитъа чемпионлиги учун баҳсларга киришди. Жумладан, босқон улоқтириш баҳсларида иштирок этган терма жамоамиз аъзоси Суҳроб Хўжаев финалда 72 метру 85 сантиметр натижани қайд этди. Бу кўрсаткич унга Осиё чемпионатининг бронза медалини тақдим этди.
Ушбу йўналишда олтин медални тожикистонлик Дилшод Назаров қўлга киритди. У 76,14 метр натижа кўрсатди. Кумуш медаль эса 73 метру 27 сантиметр натижа қайд этган қатарлик Ашраф Элсайфийга насиб қилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу спортчилар ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ҳам ғолиблик учун беллашган, ўшанда 1-ўрин қатарлик спортчига насиб этган, Дилшод Назаров ҳамда Суҳроб Хўжаев мос равишда 2-3-ўринни қўлга киритган эди.
Афсуски кечаги мусобақаларда Нигина Шарипова (200 метрга югуриш) ҳамда Никита Логинов (узунликка сакраш) баҳсларида совриндорлар сафидан жой олишолмади.
Шу тариқа ушбу Осиё чемпионатида спортчиларимиздан Руслан Қурбонов (уч хатлаб сакраш), Надия Дусанова (баландликка сакраш), Екатерина Воронина (етти кураш) олтин, Светлана Радзивил (баландликка сакраш) ҳамда Суҳроб Хўжаевлар бронза медалини қўлга киритди.
Манба: ЎзА