Тошкентда 24 апрель куни "Expo-Russia Uzbekistan 2019" иккинчи халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Россия экспорт маркази, "Зарубеж-Экспо" акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик сармоядорлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда "Expo-Russia Uzbekistan 2019" халқаро саноат кўргазмаси ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мамлакатимизда "Expo-Russia Uzbekistan" халқаро саноат кўргазмаси илк бор 2018 йилнинг апрель ойида ташкил этилганди. Унда Ўзбекистон ва Россиянинг энергетика, машинасозлик, металлургия, қурилиш, транспорт-логистика, телекоммуникация ва алоқа, кимё, агросаноат мажмуаси маҳсулотлари, халқ истеъмоли товарлари, озиқ-овқат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги технологияларини ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни жорий этиш билан шуғулланадиган 200 дан зиёд компанияси иштирок этган эди. Бу галги кўргазмада 400 дан зиёд компания қатнашгани ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан ҳар икки томон бирдек манфаатдор эканидан далолат.
Кўргазманинг махсус павильонларида нефть-газ соҳасида қайта ишлаш, ташиш ва сақлаш, инфратузилма объектларида хавфсизликни таъминлаш, тоғ-кон саноати учун замонавий технологиялар, металлургия, машинасозлик, энергетика, қурилиш тармоқларига мўлжалланган ускуналар намойиш этилмоқда.
– Ушбу павильонлар ўзаро тажриба алмашиш учун платформа вазифасини ўтамоқда, – дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош механиги Ҳамидулла Мирзажонов. – Одатда нефть қувурларида асосий хомашёга тегишли бўлмаган унсурлар қолдиғи йиғилиб қолади. Кўргазма доирасида Россиянинг “Интерстрой” компанияси ушбу муаммога самарали ечим сифатида ўз ишланмаларини тақдим этган. Бу нефть маҳсулотларини қувурларда узатиш ва ташиш чоғида юзага келиши мумкин бўлган узилишлар ва фаолиятга салбий таъсирнинг олдини олади.
Кўргазмада “Пьюр Продакшн” компанияси ўзининг косметика маҳсулотларини алоҳида стендда тақдим этган. Бу ерда “АIS” савдо белгиси остида “Ҳалол” стандарти маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
“Пьюр Продакшн” компанияси бошқарувчиси Александр Лешенконинг қайд этишича, бу каби маҳсулотлар Қозоғистон, Сингапур, Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Компания ушбу кўргазмадаги иштироки орқали ўзбекистонлик ишбилармонлар билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма инвестициявий лойиҳаларда иштирок этиш бўйича музокаралар ўтказиш истагида.
– Кўргазма доирасида “Дальхимфарм”, “Дальэнергомаш”, “Уайт Софт” каби компанияларимиз ўз маҳсулотлари, хизматларини таклиф этмоқда, – дейди Хабаровск ўлкасини иқтисодий ривожлантириш вазири ўринбосари Максим Тарасов. – Бугунги тадбир доирасида маҳаллий ишбилармонлар билан ҳамкорлик бўйича самарали келишувларга қўл қўйдик.
"Expo-Russia Uzbekistan 2019" тадбирларида "Россияда ишлаб чиқарилган" бренди остидаги инновацион ишланмалар ҳам намойишга қўйилган.
Кўргазма Ўзбекистон саноатининг турли тармоқлари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш, фармацевтика соҳаси ва тиббиёт саноати, агросаноат мажмуалари бўйича Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб боришда муҳим аҳамиятга эга.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА