Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Русланбек Давлетов Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазири ўринбосари Аласим Ясер Хамад билан учрашди
2019-04-25 | Сиёсат
2019 йил 24 апрель куни халқаро юридик форум “Tashkent Law Spring” арафасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирининг қонунчилик ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Аласим Ясер Хамад бошчилигидаги Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегация билан учрашди.
Русланбек Давлетов саудия томонининг вазирлик таклифига биноан халқаро юридик форумда иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюргани учун уларга миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазири ўринбосари Аласим Ясер Хамад таклиф ҳамда самимий ва илиқ қабул учун жуда мамнунлигини изҳор этиб, икки халқни ўзаро боғлайдиган қадимий ришталарнинг бисёрлигини қайд этди.
Саудия Арабистони томонига, Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, адлия тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳақида айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Учрашув чоғида, икки давлат Адлия вазирликлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар 2017 йил 1 августда имзоланган ўзаро англашув Меморандуми доирасида амалга оширилиб келинаётганлиги ва ушбу меморандумнинг ўзаро алоқаларни ривожлантиришдаги аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга саудия томони икки давлат адлия вазирликлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётган мазкур Меморандумни келажакда битимга айлантириш истаги мавжудлиги ва бу битим икки давлат Адлия вазирликлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариши мумкинлигини қайд этди. Хусусан, Аласим Ясер Хамад саудия тарафи томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Баённома лойиҳасини кўриб чиқишни ва яқин кунларда уни имзолашни таклиф қилди.
Аласим Ясер Хамад суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдан мамнун эканлигини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини Саудия Арабистони Подшоҳлигига таклиф қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги