Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданият вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига ҳисоботи
2019-04-24 | Маданият
Жорий йилнинг 23 апрель куни Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасига “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида” 2019 йил 27 февралдаги Ф-5445-сонли Фармойиши ва 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини берди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг ҳисоботи тўлиқ матнда тақдим этилмоқда:
Аввало, шуни айтишим керакки, Сиз, ҳурматли халқ вакиллари олдида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юксак маънавий қадриятлари ва маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда жаҳон маданияти билан уйғун ҳолда ривожлантириш, миллий маданиятни кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот бериш менга шарафли мажбурият юклайди ва ўз навбатида, соҳа олдида турган муаммоларнинг ечимини биргаликда топиб, зарур чора-тадбирларни белгилашда ўз ҳиссасини қўшади.
Хабарларингиз бор, 2018 йил декабрь ойида Олий Мажлис қонунчилик палатасида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ижросига бағишланган Парламент эшитувида ҳисобот берганим ва Сиз халқ ноиблари билан соҳани чуқур таҳлил қилиш ва тўпланиб қолган тизимли муаммолар ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Барчамизга яхши маълумки, бугун муҳтарам Давлатимиз Раҳбари томонларидан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор, имкониятлар берилмоқда.
Соҳа ривожи учун 2017 йилдан буён муҳтарам Прездиентимизнинг соҳага оид 20 та фармон ва қарорлари, Ҳукуматнинг 54 та қарорлари қабул қилинганлиги ҳам бу борадаги ишларнинг кўламини кўрсатиб беради, албатта.
Мустақил давлатимиз тарихида иккита йирик анжуман ва фестиваль, Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши ноёб меросимизнинг нуфузини жаҳон миқёсида ошириш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
Соҳани такомиллаштириш, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича Парламентнинг амалий ёрдами ва таъсирчан назорати ҳар қачонгидан кўра бугун яққол сезилмоқда.
Аввало бунда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Абдуғаппор Қирғизбоевнинг амалий сай-ҳаракатлари доимий кўмагини эътироф этиш ўринли, деб ўйлайман.
Рухсатларингиз билан, муҳтарам Президентимизнинг 27 февралдаги “2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги Ф-5445-сон Фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталсам.
Мазкур фармойишнинг 1.11-иловасига мувофиқ 2019 йилга мўлжалланган Маданият вазирлиги фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий меъзонлари белгиланган.
Вазирик фаолияти самарадорлигининг баҳолаш мезонларида маданий меърос объектлари, театрлар, цирк фаолияти, маданият соҳасида давлат-хусусий шерикчилик, музейлар, кутубхоналар, маданият марказлари болалар мусиқа ва санъат мактаблари, соҳага информацион коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича 13 та йўналишни амалга ошириш бўйича 44 та механизм кўзда тутилган, шулардан 14 таси жорий йилнинг I чорагида амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида “Баҳолашнинг асосий меъзонларида кўрсатилган мақсадли вазифаларни ҳар ойда бажариш ва уларга эришиш бўйича Иш режа” ишлаб чиқилган тасдиқланган.
1-бандда Маданий мерос объектлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар белгиланган.
Мавжуд 7 476 та маданий мерос объектларидан 5 430 та объектнинг давлат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ягона давлат кадастр тизимига зарур маълумотларни киритиш, 159 та объектда туристлар ва аҳолининг ташрифини электрон ҳисобга олувчи турникетлар ўрнатиш ҳамда 5 953 та объектда муҳофаза белгиларини ўрнатиш қайд этилган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ушбу масала Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясида ҳам ўрин олган.
Мазкур масалани амалга оширишда 2019 йил 1 чорак да объектларнинг манзилли рўйхатини тузиш, молиялаштириш манбаларини белгилаш ҳамда вазифаларни бажариш бўйича шартномалар тузиш кўрсатилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича объектнинг давлат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида жами 5 430 та манзилли рўйхат тузилган ва тасдиқланган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида 2019 йил 30 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 265-сонли қарори қабул қилиниб, ушбу ишларни амалга оширишнинг молиявий манбалари кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда ҳудудлардаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда уларга муҳофаза белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар учун тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан зарур бўлган маблағларни ажратиши белгиланган.
Вазифаларни бажариш бўйича шартномалар тузиш юзасидан жорий йилнинг I чорагида фақатгина 4 та ҳудуд Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятларида мавжуд маданий мерос объектларини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун муҳофаза қилиш давлат инспекциялари билан 100 млн. сўмлик шартномалар расмийлаштирилган.
Асосий ижрочи сифатида маҳаллий ҳокимликлар белгиланган. Шу масала бажарилиши муддатидан ортда қолиши хавфи мавжуд. Бу масалани яқинда Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида кўриб чиқилиши ҳам белгиланган. Ишчи гуруҳлар тузилди, улар мана шу ҳафтада жойларга чиқиб, ўрганишлар ўтказилиши режаллаштирилган.
Ҳурматли, Абдуғаффор Каримжонович, Сиздан ҳам мазкур масалада маҳаллий ҳокимликларга кўрсатма берилишида амалий ёрдам кўрсатишларингизни сўраб қолардик.
Шунингдек, 5 430 та объектда давлат кадастр хужжатларини расмийлаштириш ва ягона давлат кадастр тизимига зарур маълумотларни киритиш ҳам апрель ойидан бошланиши белгиланган бўлиб, ҳозирда жами 440 та маданий мерос объектлари давлат кадастр маълумотлари ягона давлат кадастр тизимига киритилган.
2-бандда Миллий драма ва тарихий асарларни саҳналаштириш, бу борада амалда республика театрларида саҳналаштирилган 55 та миллий драма асарларини сонини 70 тага ва 42 та тарихий асарлар сонини 60 тагача ошириш кўзда тутилган.
2019 йил давомида республика театрларида намойиш этиш учун 55 та тарихий, 60 та миллий драма (26 та замон қаҳрамонлари) асарлар танлаб олинган.
2018 йил давомида театрларда 26 та миллий драма, 18 та тарихий янги спектакль саҳналаштирилган бўлса, 2019 йилда 29 та миллий драма ва 29 та тарихий спектакллар саҳналаштирилиши белгиланган.
Масалан, Ўзбек Миллий академик драма театрида “Жалолиддин Мангуберди”, Муқимий театрида “Мен ким, Бобур...”, Ўзбекистон давлат драма театрида “Тўмарис”, Андижон вилояти мусиқали драма театрида “Нажот йўли Навоийда”, Бухоро вилояти мусиқали драма театрида “Алишер Навоий”, Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида “Ал-Ҳаким ат-Термизий” каби асарлар.
Ҳозирги кунда вазирлигимиз Репертуар-таҳририят шўъбаси томонидан Салоҳиддин Сирожиддиновнинг “Тўмарис”, Абдулла Қодирийнинг “Жинлар базми”, Азиз Несиннинг “Жонгинам, жонимни ол” асари асосидаги “Эй биз бормиз!”, Машраб Бобоевнинг “Ўттиз ёшлилар”, Эсонбой Ўриновнинг “Қайда менинг юрагим”, Шаодат Усмонованинг “Регистон афсонаси”, Акбар Абдуллаевнинг “Хвастливый цыплёнок” ҳамда Елизаветта Тараховскийнинг “Чўртан балиқ амри билан” каби асарларни саҳналаштириш учун тегишли хулосалар тақдим этилган.
3-бандда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси томонидан 2018 йилда намойиш этилган 294 та томошалар сонини 20 % га ошириш ҳамда томошабинлар сонини 30 %га ошириш белгиланган.
Бу борада Цирк томошаларини кутилмаган трюклар ва экзотик ҳайвонларнинг чиқишлари билан бойитиш ишлари ҳам жадал давом этмоқда.
Жумладан, жорий йил февраль ойида Жиззах вилояти Мирзачўл туманида, Тошкент шаҳрида “Жангоҳ” спорт комплексида, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида томошабинларга цирк томошалари кўрсатилди.
Жорий йилнинг 22 мартидан бугунги кунгача шанба ва якшанба кунлари “Ўзбек давлат цирки”да 5630нафар томошабинларга Россия цирк санъати усталари томонидан “DRIVE” томошалари кўрсатилди. 5 майда тугатилиб, 6 майдан Африка цирк санъати усталари томонидан томошалар кўрсатилади.
Жорий йилнинг I чорагида жами 29 380 томошабинларга цирк томошалари кўрсатилган.
“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига гастролларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги режа-жадвали тасдиқланган.
“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг янги sirk.uz расмий веб-сайти ҳамда электрон журнали ишлаб чиқилди ҳамда томошалар интернет сайтларда, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали реклама қилиниб келинмоқда.
4-бандда - хайрия театр спектакллари намойишини 2019 йилда 550 тагача етказиш, яъни 2018 йилга нисбатан қарийий 2,5 баробарга ошириш белгиланган.
Вазирлигимизнинг тегишли буйруғига асосан “27 март – Халқаро театр куни” муносабати билан “Театр томошалари ҳафталиги”ни ташкил этилди ҳамда шу кунлари республика бўйича турли жанрлардаги 250 та спектакллар бепул намойиш этилди. Ушбу намойишларга жами 108 мингдан ортиқ томошабинлар ташриф буюришди.
Шунингдек, Давлат театрларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига гастроларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги режа-жадвали тасдиқланган.
Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида Қорқалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига жами 36 та гастроль сафарлари амалга оширилган.
Аҳоли, айниқса, ёш авлодни театр фаолияти ва театр санъати билан яқиндан таништириш, қизиқишини янада ошириш мақсадида тасдиқланган режага асосан давлат театрларида “Бизнинг театр” мавзусидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, январь ойида Ўзбек Миллий академик драма театри, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, февраль ойида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри, март ойида Ўзбекистон давлат драма театри, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри ҳамда апрель ойида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида анжуманлар ўтказилди.
5-бандда 225 та маданият ва истироҳат боғларининг 80 таси (35%) фойдаланишга топширилмаганлигидан келиб чиқиб, жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида 50 та паркларнинг фаолиятини таъминлаш кўзда тутилган.
Маданият вазирлиги томонидан давлат-хусусий шерикликка берилиши маданият ва истироҳат боғларининг рўйхати тузилиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасига киритилган ҳамда жорий йил 26 мартда Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Мазкур қарор қабул қилингач, мазкур боғлар ҳамда маданият марказлари давлат хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилади.
6-бандда Музей раҳбарлари ва ходимлари малакасини ошириш бўйича топшириқ акс этган. Жумладан, музейларнинг раҳбарлари ва амалдаги илмий таркибининг 150 нафари малакасини ошириш белгиланган бўлиб, вазирликнинг 5 февралдаги буйруғига асосан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Бухоро Давлат университети, Фарғона Давлат университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказларида музейлар раҳбар ва ходимларининг малакаларини ошириш курслари ташкил этилиб, келинмоқда. Жорий йилнинг I чорагида 2 та раҳбар ва 38 ходим малакасини оширган.
7-бандда музейларнинг таълим муассасалари ва йирик ташкилотларда амалдаги 250 та кўчма кўргазмалар сонини 400 тагача етказиш белгиланган.
Бу борада вазирлик томонидан, тизимдаги давлат музейларида 2019 йил давомида ўтказилиши режалаштирилган йирик тадбирлар ва кўргазмалар режаси тасдиқланган бўлиб, унга кўра 35 та музейлар ва уларнинг филиаллари томонидан 2019 йил мобайнида жами 414 та кўчма кўргазмалар ташкиллаштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 323 таси таълим муассасаларида, 44 таси йирик ташкилотларда ва 47 таси бошқа ташкилот ва муассасаларда ўтказилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг I чорагида ҳудудлардаги музейлар томонидан таълим муассасалари ва йирик ташкилотларда 100 га яқин кўчма кўргазмалар ташкил этилди.
Жумладан, таълим муассасаларида 80 та, йирик ташкилотларда 10 та, бошқа ташкилот ва муассасаларда 8 та кўчма кўргазмалар ўтказилди.
8-бандда 94 та кўзи ожизлар кутубхоналари филиалларининг ўз биносига эга эмаслиги ҳамда 7 та кўзи ожизлар кутубхоналари филиалларининг бино ва хоналари авария ҳолатдалиги қайд этилган.
Жорий йилда 3 та ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё) Кўзи ожизлар кутубхоналарининг янги биноларини қуриш ҳамда авария ҳолатида жойлашган 5 та ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси 2, Сирдарё 1, Хоразм 1, Сурхондарё 1) Кўзи ожизлар кутубхоналарини бошқа биноларга кўчириш ва уларнинг филиалларига хоналар ажратиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё Кўзи ожизлар кутубхоналарининг янги биноларини қуриш техник-иқтисодий ҳисоб лойиҳалари ишлаб чиқилиб, лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан қурилиш ва таъмирлаш ишлари 2019 йил 3 чорагидан бошланиши режалаштирилган.
9-бандда 42 та маданият марказларида янгидан қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, 74 та маданият марказнинг фаолиятини тугатиш белгиланган.
2019 йил дастурига киритилган 42 та Маданият марказларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб лойиҳаларини тайёрланган, бироқ, бюджет қонунчилигига мувофиқ, харажатлар сметаси жорий йилнинг 1 апрелигача рўйхатдан ўтганлиги муносабати билан экспертизадан ўтказилмаган.
Ҳозирги кунда жорий йилда янги қурилиши, реконструкция қилиниши ва капитал таъмирланиши белгиланган маданият марказларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари якунига етказилмоқда.
Жорий йилнинг 1 май кунига қадар капитал таъмирланиши белгиланган маданият марказлари ҳамда 10 май кунига қадар янги қурилиши ва реконструкция қиилиниши белгиланган маданият марказлари тўлиқ экспертизадан ўтказилади.
Самарасиз иш юритаётган 74 та маданият марказларининг Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 263-сон қарорига асосан 2019 йил 1 апрелдан фаолияти тугатилган.
10-банддда республикада фаолият юритаётган 312 та болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги ўқувчилар сони мавжуд сиғимга нисбатан 1,7 баробарга кўплиги қайд этилган. Яъни мактаблардаги ўқувчилар сони 86 мингтани ташкил қилади (мавжуд сиғим – 51,1 минг).
Шундан келиб чиқиб, 6 та болалар мусиқа ва санъат мактабларини фойдаланишга топшириш Қорақалпоғистон Республикаси – 4, Наманган вилояти – 1, Тошкент вилояти – 1) ҳамда 6 та мактабни реконструкция қилиш (Қашқадарё вилояти – 2, Самарқанд вилояти – 2, Тошкент вилояти – 1) белгиланган.
Мазкур мактаблар 2019 йил учун мўжалланган Инвестиция дастурига киритилган ҳамда унга кўра маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Жорий йилнинг I чораги давомида Наманган вилоятида Мингбулоқ тумани 21-сон болалар мусиқа ва санъат мактабини реконструкция қилиш ва Наманган тумани Нурафшон ҚФЙда жойлашган болалар мусиқа ва санъат мактабини қуриш ҳамда Тошкент вилоятида Чирчиқ шаҳар Болалар мусиқа ва санъат мактабини қўшимча 150 та ўқувчига мўлжалланган биносини қуриш бўйича лойиҳалар техник-иқтисодий ҳисоб лойиҳаларини экспертизадан ўтказилган. Қолган ҳудудларда иш давом этмоқда.
11-бандда болалар мусиқа ва санъат мактабларида мутахассисларнинг атиги 36 %и олий маълумотга эга эканлигини инобатга олиб, 2018 йилда олий ўқув муасассаларидаги 1 080 та квотанни 1 790 тагача ошириш, шунингдек мусиқа ва санъат мактаблари учун педагог кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш учун махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш белгиланган.
Ўзбекистон давлат консерваторияси, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига талабаларни қабул қилиш квотасини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, 2019 йил 28 февралда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига киритилган.
Бугунги кунда республикада 312 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 14 та йўналиш бўйича жами 11749 нафар мутахассис ўқитувчилар фаолият кўрсатди.
Ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида 4045 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчиларга бўлган талаб аниқланди.
Хусусан, бу кўрсаткич, Қорақалпоғистон Республикасида 278 нафарни, Андижонда 360, Бухорода 187, Жиззахда 249, Қашқадарёда 434, Навоийда 177, Наманганда 285, Самарқандда 302, Сирдарёда 322, Сурхондарёда 368, Тошкент вилоятида 434, Фарғонада 165, Хоразмда 196, Тошкент шаҳрида 288 нафарни ташкил этмоқда.
Ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчиларга бўлган талабни аниқлаш борасида камида уч йил меҳнат стажига эга 5535 нафар мутахассисларнинг рўйхати ҳудудлар кесимида шакллантирилди.
12-бандда болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият юритаётган 8000 нафар педагог кадрларнинг малакасини оширилмаганлиги қайд этиб ўтилган. Шу ўринда, мусиқа ва санъат мактаблари хабаррларрингиз бор, 2008 йилдан, 2017 йилгача Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган. 2017 йилда яна Маданият вазирлиги тимизимига ўтказилди. Бу йиллар давомида умуман малака ошириш тизими бўлмаганлиги бугун кўриниб қолди.
Шунинг учун, биз бу масалани кўтариб, сайёр малака ошириш режасини тасдиқладик. Баҳолаш мезонида жорий йилда 2 250 нафар педагог кадрлари малакасини оширишни ташкил этиш кўрсатилган бўлсади, биз 3000 нафар педагогларнинг малакасини оширишни кўзда тутдик.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 февралдаги “Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 149-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилган.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича курсларда жорий йилнинг биринчи чорагида 139 та педагог малака оширган.
Сўнгги 13-бандда соҳага информацион ва коммуникацион технологияларни жорий этилиши, хусусан, “Виртуал музей” 40 % га, электрон каталог 80 % га бажарилганлигидан келиб чиқиб, “Виртуал музей” маълумотлар базасини яратиш бўйича 30 та музейдаги ишларни тўлиқ якунлаш ва Ўзбекистондаги музейларнинг ягона порталини яратиш ҳамда 106 та музейда сақланаётган 2,5 млн.га яқин музей экспонатлари бўйича маълумотга эга электрон каталогни яратиш белгиланган.
Бу борада “Виртуал музей” Ягона порталининг техник шартлари ишлаб чиқилган. Мазкур техник шартлар асосида яратиладиган дастурий таъминот учун талаб этиладиган харажатлар калькуляцияси тайёрланиб, вазирликнинг 2019 йилга мўлжалланган харажатлар сметасида 36,54 млн.сўм бюджет маблағлари кўзда тутилган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жамиятимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасини таъминлашдаги биринчи вазифа сифатида Олий Мажлис палаталарининг парламент сўровлари ва парламент эшитувлари қонун ва қарорлар ижросини ҳамда ислоҳотларимиз самарадорлигини таъминловчи таъсирчан воситага айланиши керак, деб таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берсам.
Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, муҳтарам Президентимизнинг миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганлиги биз учун жуда қувончли ва шу билан бирга, ўта масъулиятли воқеа бўлди.
Чунки, ушбу қарор ва концепция маданият ва санъат соҳасида икки йил давомида амалга ошириладиган ишларнинг, айниқса, соҳа олдида турган кўплаб муаммоларнинг ечимини кўрсатадиган, механизми бор, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаш мумкин бўлган аниқ харита, десак бўлади.
Ушбу концепция мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни янада ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, тамойиллари, шунингдек устувор йўналишларини белгилаб берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги