Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказида кўзнинг олд қисми реконструкциявий жарроҳлиги ва кўз гавҳарига оид мураккаб операцияларга бағишланган илмий-амалий семинар офтальмологларнинг касбий салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Юртимизда соғлиқни сақлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида тиббиётнинг турли йўналишлари ривожига эътибор қаратиш, бунда кўп йиллар мобайнида мамлакатимизда шаклланган тиббиёт мактаби анъаналарини тиклаш, уларни янада ривожлантириш, хорижнинг нуфузли илмий марказлари, олий таълим даргоҳлари, етакчи клиникалари, тиббиёт масканлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказида катаракталарнинг хирургик даволанишга доир илғор услублар, кўз гавҳарининг олд ва орқа томонини кесиш лазер операциялари, мугуз парданинг турли патологияларида киротопластик ва амнионопластик операцияларни ўтказиш ва бошқа турли йўналишлардаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда.
Россиялик офтальмолог-жарроҳ шифокорлар иштирокида ўтказилган семинарда кўз касалликларига оид турли мураккаб операцияларни амалга оширишдаги илғор услуб ва технологиялар атрофлича муҳокама этилди. Бу каби илмий-амалий семинар ва маҳорат дарслари Бухоро вилоят офтальмология шифохонасида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА