Ёшлар пресс клубида “Ўзбекистонда Қозоғистон йили ёшлар нигоҳида” мавзуида учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий маданий марказлар ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда экспертлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпуси вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи қозоқ миллатига мансуб ёшлар иштирок этди.
Маълумки, азал-азалдан Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари бир-бирига қадрдон дўст бўлиб келган. Ўзбекистонда “Қозоғистон йили”нинг эълон қилиниши эса стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кучайиб бораётганлигидан далолат беради ҳамда ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда 376 та қозоқ тилида таълим берувчи умумтаълим мактаби фаолият кўрсатади. Етти олий ўқув юртида қозоқ тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказиб келинаётган бир қатор лойиҳаларда қозоқ ёшлари фаол қатнашиб келмоқда. Шунингдек, кўплаб ёшларимиз Қозоғистонда ташкил этилаётган халқаро тадбирларнинг доимий иштирокчисидир.
Пресс-клубда ҳамкорликдаги тадбирларнинг аҳамияти ҳамда келгусидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда “Қозоғистон йили” деб эълон қилиниши ҳамда икки мамлакат ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашувда Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази фаолияти, марказ томонидан ўзбек-қозоқ қардошлигини мустаҳкамлашда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Г.Бобоева, ЎзА
Манба: ЎзА