Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“FEI Jumping Children`s Classic Final-2019”: бу сафар мексикалик чавандоз тенгсиз
2019-04-22 | Спорт
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Аллюр” от спорти клубида “FEI Jumping Children`s Classic Final-2019” мусобақасининг финал босқичи давом эттирилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 12та давлатидан энг иқтидорли ёш чавандозлар ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда.
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда илк маротаба ташкил этилган “FEI Jumping Children`s Classic Final-2019” мусобақаси от спорти бўйича 15 ёшгача бўлган чавандозлар ўртасидаги энг нуфузли турнирлардан бири ҳисобланади. Бундай йирик спорт анжуманига мезбонлик қилиш ҳуқуқининг юртимизга ишониб топширилиши – бу Халқаро от спорти федерациясининг Ўзбекистонга бўлган юксак эътирофи нишонасидир.
Мусобақанинг иккинчи кунида чавандозлар баландлиги 1 метру 10 сантиметр бўлган тўсиқларни тез ва бехато босиб ўтиш бўйича ўзаро мусобақалашди. “FEI Jumping Children`s Classic Final-2019” халқаро болалар кубогининг финал босқичи ўз атрофига чиндан ҳам энг иқтидорли чавандозларни жамлаганини алоҳида таъкидлаш керак.
Фикримизни бугун қайд этилган натижалар ҳам тасдиқлади. 19 нафар иштирокчидан нақд 10таси дастлабки саралаш босқичини бехато босиб ўтишди ва натижада улар ғолибни аниқлаш учун қайта сакрайдиган бўлди. Бунақаси ушбу ёш тоифасидаги мусобақаларда ҳали кузатилмаган эди ва бу ҳам ҳар бир иштирокчининг нақадар маҳоратли эканидан дарак беради. Ана шу 10 нафар чавандоз қаторидан ҳамюртимиз Абдураҳмон Абдуллаев ҳам жой олди.
Афсуски иккинчи уринишда Абдураҳмоннинг омади юришмади, у хатога йўл қўйди. Акс ҳолда ҳамюртимиз бронза медалини қўлга киритиши мумкин эди. Совринли ўринларни эса бу сафар Мексика, Сурия ва Россия вакиллари бўлишиб олди. Мексикалик Камила Саад Вега Карпус лақабли от билан белгиланган масофани 33,90 сония ичида босиб ўтди ва бу энг яхши натижа сифатида эътироф этилди. Суриялик Лайс Али эса Коко лақабли тулпорда 34,02 сония натижа билан 2-ўринни эгаллади. Кечаги мусобақалар ғолиби бўлган россиялик Дарья Кукушкина бу сафар 3-ўрин билан чекланди.
О.Эшмаматов, Ё.Мелибоев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА