Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон илк бор Танк биатлони халқаро мусобақасида иштирок этади
2019-04-22 | Жамият
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари биринчи марта 2019 йилда Халқаро армия ўйинлари (АрМИ-2019) доирасида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақа – “Танк биатлони”да иштирок этади.
Таъкидлаш керакки, Танк биатлони Ўзбекистонда 2018 йилдан эътиборан оммалаша бошлади. Ўтган йили Танк биатлонини ўтказиш учун халқаро стандартларга мос бўлган майдон Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” полигонида бунёд этилиб, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафаси Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги миқёсида биринчи мусобақа ташкил этилган эди.
Ўтган йилги IV Халқаро армия ўйинларининг Танк биатлони йўналишида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар кузатувчи сифатида иштирок этган бўлса, жорий йилда 4 та танк экипажи (3 таси асосий ва 1 таси захира) билан Россияда ўтказиладиган ушбу мусобақада баҳслашади.
Танк биатлони – танк экипажлари ўртасида танкни бошқариш ва унга ўрнатилган асосий ҳамда захира қуролларидан мўлжалга аниқ отиш бўйича амалий мусобақа ҳисобланади. У Халқаро армия ўйинлари (АрМИ) дастурига киритилган бўлиб, энг нуфузли мусобақа ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бешинчи марта ўтказилаётган Халқаро армия ўйинлари Россия, Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Мўғилистон ҳамда биринчи бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Ўзбекистон ўз ҳудудида АрМИ-2019нинг Ҳарбий-тиббий эстафета йўналиши бўйича мусобақаларга мезбонлик қилади. Ташкилотчилар томонидан мазкур нуфузли мусобақаларда 6 минг нафардан зиёд иштирокчилар бўлиши кутилмоқда. Халқаро армия ўйинлари шу йилнинг 3-17 август кунлари ўтказилади.
Жорий йилнинг февраль-март ойларида “Чирчиқ” полигонида ўтказилган саралаш босқичида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида энг юқори кўрсаткичларни қайд этган 4 та танк экипажи (танк командири, мўлжалга олувчи-оператор, механик ҳайдовчи) танлаб олинди. Ҳозирги вақтда улар Марказий ҳарбий округининг “Фориш” полигонида якка тартибда пойга ва эстафета турлари бўйича Т-72 танкларида интенсив амалий тайёргарликдан ўташяпти.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги