Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган муҳандислик-технология институтининг лойиҳаси Жаҳон банки томонидан молиялаштирилади
2019-04-19 | Таълим
Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси учун маблағ ажратилди. Ушбу лойиҳа доирасида Наманган муҳандислик-технология институтининг “Тўқимачилик саноатида юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун инновацион ўқув марказини яратиш” лойиҳаси муваффақиятли иштирок этиб, Жаҳон банки томонидан 80 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан молиялаштирилди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.
Лойиҳа давомида “таълим-фан ва ишлаб чиқариш” интеграциясини янада яхшилаш, соҳага малакали мутахассис кадрлар етказиб бериш, техник соҳалар учун ўқитишнинг инновацион ёндашув усулларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларни илғор технологиялар жорий этилган корхоналарда стажировка ўташи каби изчил ишлар амалга оширилади. Бу ўз навбатида олий таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
- 2019-2020 йилларда бажарилиши режалаштирилган бу лойиҳанинг илк босқичида дунёнинг энг яхши мингталик рейтингига кирувчи техник олий ўқув юртларининг меъёрий ҳужжатлари ва ўқув базасини ўрганиш асосида ўқитишнинг иннновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланади, - дейди институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, техника фанлари номзоди Авазбек Обидов. – бундан ташқари, Швейцариянинг “Rieter” тўқимачилик машинасозлиги компаниясининг етакчи мутахассислари томонидан мамлакатимиздаги тўқимачилик корхоналарига ўрнатилаётган замонавий серунум техника ва технологиядан унумли фойдаланиш бўйича профессор-ўқитувчиларни ўқитиш ишлари амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги