Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Байрам Самарқандда нишонланди

2019-04-19 | Жамият

2017 йил 18 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. 2018 йил 2 апрелда эса “Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва 18 апрель – Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, соҳа ходимлари касб байрами муносабати билан Самарқандда жам бўлди.

Дастлаб вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди. Унда вазирлик томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, жорий йил учун белгиланган устувор вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидландики, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли сонининг ошиб бораётгани, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тобора кенгайиши, янги турар жой массивлари барпо этилиши, коммунал хизматлар сифати ва узлкусизлигига талаб кучайиши коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш эса уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Янги ташкил этилган вазирликда сув ва иссиқлик таъминоти ташкилотлари, инжиниринг компаниялари, лойиҳа ташкилотлари, “Коммунхизмат” агентлиги ягона марказлашган тизимга бирлаштирилгани, вилоят, туман ва шаҳарларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқарма ва бўлимлари, уй-жой фондини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилгани бу вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳозирги кунда вазирлик тизимидаги 140 дан ортиқ ташкилот, корхона ҳамда уларнинг туман ва шаҳар бўлимларида 32 мингдан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Соҳа ходимларининг машаққатли ва фидокорона меҳнати туфайли юртимизнинг барча ҳудудларида коммунал соҳани ривожлантириш, аҳолига замонавий ва сифатли коммунал хизмат кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йилда мамлакатимиз бўйича 8055 та кўп хонадонли уй мукаммал ва жорий таъмирланди, ҳудудлари ободонлаштирилди. Бунинг натижасида 1 миллиондан ортиқ аҳолининг турмуш тарзи ва яшаш шароити тубдан яхшиланди.

Иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича 18,9 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, иссиқлик таъминоти бўлмаган 301 та кўп хонадонли уй иссиқлик энергияси билан таъминланди.

2018 йилги Инвестиция дастурига асосан 721,8 миллиард сўмлик 282 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланди. 32 та йирик объектда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Натижада 600 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.

Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган 8 та йирик лойиҳа доирасида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича ҳажми 74,51 миллион АҚШ доллари бўлган қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги “Фарғона ва Марғилон шаҳарлари оқова сув тозалаш иншооти реконструкцияси” лойиҳаси якунланиб, ишга туширилди. 322 мингга яқин аҳолининг канализация хизматлари таъминоти яхшиланди.

Айни пайтда Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг, Қашқадарё вилоятида “Оқсув – Деҳқонобод” сув қувури қурилиши орқали Деҳқонобод тумани аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш каби йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳайъат йиғилишида жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, лойиҳаларни ўз вақтида якунлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси фаолияти, жумладан, Самарқанд шаҳрида амалга оширилган ишлар билан танишди, тажриба алмашди.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Солиев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов соҳа ходимларини касб байрами билан табриклаб, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Тадбирда бу йил илк бор таъсис этилган “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бир гуруҳ ходимларга ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Вазирлик тизимида меҳнат қилаётган 300 нафар ишчи-ходим жорий йилда мазкур кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
Шунингдек, маросимда соҳа корхона ва ташкилотлари 10 дан ортиқ номинация бўйича тақдирланди.

– Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 1243 та кўп қаватли уй бўлиб, кейинги икки йилда ушбу турар жойларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъул ходими Лолахон Давлетова. – Айниқса, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб, бу борада мавжуд вазият яхшиланди. Бу мамлакатимизда янги вазирлик ташкил этилгани ва соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасидир. Шу ишларда қўшган ҳиссам эътироф этилиб, “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан хурсандман. Келгусида соҳа ривожи учун янада кўпроқ меҳнат қилиб, халқимизга хизмат қилишни ўз бурчим деб биламан.
Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться