Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мун Чжэ Ин Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди

2019-04-19 | Сиёсат

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб, Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган телемедицина лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин рамзи бўлган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2014 йили ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти мамлакатимизда IT технологияларини ривожлантириш, Корея Республикасининг бу соҳадаги етакчи салоҳиятини юртимизда татбиқ этишдан иборат.
 
Бугунги кунда бу ерда компьютер ва дастурий инжениринг ҳамда логистика йўналишлари бўйича 1 минг 300 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 2018 йили университетни тугатган биринчи 100 нафар битирувчининг аксарияти мамлакатимиздаги нуфузли компания ва ташкилотларда фаолият юритмоқда. Қолган қисми Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг етакчи университетларида магистратурада ўқишни давом эттирмоқда.
 
Олий таълим муассасасида ўқув жараёни халқаро стандартлар асосида, Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг бой тажрибаси асосида ташкил этилган. Университетнинг стратегик ривожлантириш режаси доирасида янги бакалавриат ва магистратура йўналишларини очиш, илмий лабораториялар ташкил этиш, халқаро илмий грантларда иштирок этиш ҳамда кореялик ҳамкорлар билан бирга рақамли кутубхона яратиш орқали таълим муассасасининг илмий салоҳиятини кучайтириш назарда тутилган. 
 
Президент Мун Чжэ Ин бу ерда Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигидаги телемедицина лойиҳа билан танишар экан, масофадан туриб беморларни даволашда йўлга қўйилаётган мазкур йўналиш мамлакатларимиз ҳамкорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
 
– Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ҳамкорлигини барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасида ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг соғлиқни сақлаш тизими лицензиялари тан олинган, шифокорларимиз бу ерда самарали фаолият олиб бормоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, рақамли тиббиёт соҳасида Жанубий Кореянинг имкониятлари ва Ўзбекистоннинг ушбу йўналишга катта қизиқиши томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқларимизнинг ҳаёт сифатини юксалтиришга хизмат қилади. Мамлакатларимиз тўртинчи саноат инқилоби даврида стратегик шериклар сифатида ҳамкорлик қилади, – деди Мун Чжэ Ин.
Президент Корея ҳукуматининг ушбу лойиҳада фаол иштирок этишини қайд этиб, янги йўналиш мамлакатларимизнинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди. 
 
Мазкур ташриф доирасида Корея Республикаси Савдо-саноат ва энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўртасида рақамли тиббиёт тўғрисида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, “Digital Health Care” телетиббиёт лойиҳаси амалга оширилади. 
 
Лойиҳадан кўзланган мақсад Корея тажрибасини қўллаган ҳолда, Ўзбекистонда рақамли тиббиётни ривожлантиришдир. Бунда телекоммуникация алоқалари орқали масофадан туриб тиббий маслаҳатлар берилади. Лойиҳа Кореянинг ОПР жамғармаси (official development assistance ODA) кўмагида молиялаштирилмоқда. 
 
Лойиҳа Тошкент тиббиёт академияси, Тошкентдаги Инҳа университети ва Жанубий Кореядаги Инҳа университети госпитали, “Hanjin Information Systems & Telecommunication Co., Ltd”, “U-SHIN C & C Co., Ltd.”, “HeSel Co., Ltd.” компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
 

Матназар Элмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться