Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дўстлик, меҳр ва ҳамжиҳатлик байрами

2019-04-19 | Маданият

Юртимизда Ўзбекистон рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу чин маънода дўстлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик байрамига айланиб кетди.

Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" саройи олдидаги майдон ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Зеро, ушбу муҳташам сарой дўстлигимиз, ҳамжиҳатлигимизнинг ўзига хос тимсолидир. Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли миллатга мансуб ўғил-қизларни ўз фарзандидек бағрига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласининг маънавий жасоратига бағишланган ҳайкал аслида бутун ўзбекистонликларнинг матонати, меҳридарёлиги, софдиллигига қўйилган ёдгорлик, десак муболаға бўлмайди. 

Ўзбекистон рус миллий маданият маркази ташкил этилган кун муносабати билан юртимизда кенг нишонланаётган тадбир иштирокчилари 18 апрель куни мазкур ҳайкал пойига гуллар қўйдилар.

"Халқлар дўстлиги" саройида сана муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Россия Федерациясининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ташаббуси билан изчил равнақ топаётганини таъкидлади. 

Ижтимоий барқарорлик, миллий ва диний конфессиялар ўртасида ўзаро тотувлик ва аҳилликни, ҳамжиҳатликни таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашга қаратилган узоқни кўзловчи оқилона сиёсат Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар муваффақиятида устувор ўрин эгаллаши таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурматга асосланган алоқалар кейинги йилларда сифат жиҳатдан янада юксак босқичга чиқди. Бу ҳамкорлик сиёсий-ижтимоий соҳалар билан бирга ишлаб чиқариш, инновацион технологиялар, таълим, тиббиёт, маданият ва санъат, илм-фан йўналишларида янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. 1994 йилда ташкил этилган Ўзбекистон рус миллий маданият маркази Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Марказ ва унинг юртимиз ҳудудларидаги бўлинмалари Наврўз, Мустақиллик, Хотира ва қадрлаш, Конституция куни каби умуммиллий байрамларнинг, "Ўзбекистон – умумий уйимиз" дўстлик фестивалининг доимий қатнашчиси. Ушбу тузилма томонидан турли ташкилотлар билан биргаликда ўтказилувчи Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Анна Ахматова, Сергей Есенин каби рус шоир ва ёзувчилари ижодига бағишланган тадбирлар юртимиз адабий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. "Театр баҳори", "Янгра, гармонь" фестиваллари, миллий "Масленица" байрами, "Романсиада кечаси" мусиқий оқшомлари санъат ихлосмандларига яхши таниш. Марказ қошидаги тўгараклар ўзбек тили ва анъаналарини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этса, "Табассум" болалар рақс жамоаси, "Қалдирғоч" бадиий студияси, "Куйлаётган юраклар" хор жамоаси турли танловларда иштирок этиб келади. 

– Ўзбекистон ғоят бағрикенг, қуёшли диёр, – дейди Россиядаги "Московский Дом соотечественника" давлат муассасаси директори Пётр Гладков. – Бу ерга келаётганимда бир шоир дўстим ҳам Ўзбекистонга келишга жуда орзуманд эканини ҳаяжон билан айтди. Негаки, унинг онаси 1941-1945 йилларда минглаб гўдаклар, меҳрга зор одамлар каби Ўзбекистондан бошпана, ўзбек оиласидан меҳр ва эътибор топган экан. Дарвоқе, дўстимнинг онаси ҳозир ҳам ҳаёт. 91 ёшда умргузаронлик қилмоқда. Ҳануз бу диёрдан яхшилик кўрган қанча-қанча одамлар ўзбек халқининг мардлигини миннатдорлик билан ёд этади. Бу ердаги самимий, меҳрга тўла муҳит Ўзбекистоннинг табаррук тупроғига қадам қўйган ҳар бир инсоннинг қалбига кўчиши шубҳасиз. 

– Мен шу заминда вояга етдим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, таниқли сухандон Галина Мельникова. – Ўзимни Ўзбекистон фарзанди, Шарқ аёли деб санайман. Юртимиздаги тинч ва тотув, осойишта муҳитга барча ҳавас қилади. Рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги шундай ажойиб, қуёшли кунларга тўғри келгани, ғоят кўтаринки ва байрамона руҳда ўтаётганидан барча шод.

Ўзбекистон рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг чорак асрлик тўйи муносабати билан юртимизга ташриф буюрган россиялик меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Есенин уй-музейи фаолияти билан танишди. Улар эътиборига Ўзбекистон давлат академик рус драма театрининг спектакли ҳавола этилди. Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида нашр этилган 100 томдан иборат "Рус адабиётининг дурдоналари" китоби тақдимоти адабиёт мухлислари учун ростмана совға бўлди. 

Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган кўргазма юртимизда турли миллат вакилларининг эмин-эркин ижод қилиши учун зарур барча имкониятлар яратилганини яна бир карра тасдиқлади. Кўргазмага келган иштирокчиларнинг қай бири россиялик, ким ўзбекистонлик эканини деярли фарқлаб ҳам бўлмасди. Она диёримизда ижод қилаётган кўплаб миллат вакилларининг асарларини уларнинг Ўзбекистонга бўлган меҳри ва эҳтироми намунаси, десак янглишмаймиз. Кўргазма доирасида Рус миллий маданият маркази фаолиятига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ҳамюртларимиз тақдирланди. 

..."Халқлар дўстлиги" саройининг муҳташам саҳнасида Ўзбекистон ва Россия санъат усталари, бадиий жамоалари, миллий маданият марказларнинг ансамбллари иштирокидаги гала-концерт дўстлик байрамига янада кўтаринкилик, жўшқин руҳ бағишлади. 

 

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться