Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жомеъ масжиди – Ҳўқанди латифнинг кўрки
2019-04-18 | Маданият
Қўқон шаҳрида ҳам жуда кўплаб тарихий ёдгорлик ва обидалар бўлиб, улар ўзининг қадимийлиги, мустаҳкамлиги, ўзига хос архитектура кўриниши билан юртдошларимиз ва сайёҳларнинг диққатини ўзига тортмоқда. Ана шулардан бири Жомеъ масжиди ҳисобланади.
Мазкур масжиднинг қурилиши тарихи Қўқон хони Саййид Муҳаммад Олимхон номи билан боғлиқ.
Олимхон даври (1798-1810)га келиб шаҳар масжиди жуда эскириб, нуфузи ўсиб келаётган аҳоли учун торлик қилиб қолган эди. Олимхон янги масжид қуриш борасида кўпни кўрган кексалар билан маслаҳат қилганида, улар мавжуд Жомеъ азалдан шу ерда жойлашганлигини айтади. Олимхон Жомеъни вақтинча “Мир” мадрасасининг катта ҳовлисига кўчириб, эски Жомеъ ўрнида қурилишни бошлатиб юборади. Бироқ иморат одам бўйи кўтарилганда унинг қурилиши тўхтатиб қўйилади.
Саид Муҳаммад Умархон даврига келиб 1816 йилда қурилиш янгидан бошланади, 1818 йилда ниҳоясига етади. Бу ҳақда муаррих Маҳмуд Ҳаким Яйфоний “Хулласи ут-таворих” асарида шундай ёзади: “...Ва замони майманатосори Амир Умархонни замонида Умархон иморати қадимани жойига иморат бино қилди, бинобарин “Боз Жомеъи зуҳур” маддаи таърих бўлди”. Ушбу парча масжид қурилиб битган йилни кўрсатиши билан бир қаторда, мажмуа қадимги иморат ўрнида қурилганлигини яна бир бор таъкидлайди.
Қурилишга ўз замонасининг йирик меъмори, алломаси ва шоири бўлмиш Мулла Худоёр Истравшаний – маҳвий бошчилик қилган. Фазлийнинг “Мажмуаи шоирон” асарида келтирилишича, Жомеъ масжиди қурилишига Маҳвий саркор этиб тайинланган ва унинг қўлида икки юз нафар монийсифат меъморлар ишлаганлар. Бино тархини Маҳвий ўзи тайёрлаган.
Иншоот мураббаъ (квадрат) шаклида бўлиб, ғарб томонини масжиднинг асосий қисми – айвон ва хонақоҳ эгаллаган. Қолган 3 томонида дарвоза ва эшиклар, ҳужралар, дарсхоналар, хўжалик бинолари, таҳоратхоналар ва бошқа зарурий бинолар бўлган. Ф.Егоров ва “Садойи Фарғона” рўзномаси ходими Юсуфхон Мирзо томонларидан 1914 йили тузилган ҳисоботда Жомеъ мадрасасида юзта ҳужра бўлганлиги ва уларда 220 толиби илм истиқомат қилганлиги қайд этилган.
Масжид ҳовлисининг қоқ ўртасида баландлиги 22,5 метр келадиган минора қад кўтарган.
Минорадан ҳар тўрт тараф ташқи деворигача бўлган масофа роппа-роса 44 метрдир. Юқорига чиқиш учун айланма зинапоя қилинган. Минора мусулмон ғишт билан урилган. Нақш ва безаклардан ҳоли. 1975-1982 йилларда олиб борилган таъмир ишлари мобайнида минора мезанасига ганчдан ишланган нақшкор панжаралар ўрнатилди.
Масжид улкан айвон ва унинг ичидаги хонақоҳдан иборат бўлиб, айвоннинг узунлиги 97,5 метр, эни 25,5 метрдир. Хонақоҳ айвоннинг ичига, унинг қибла деворига ёндаштириб қурилган.
Деворлари ғиштдан урилган бўлиб, ганч билан сувалган. Девор сувоғи рамзий тўртбурчак панноларга бўлинган. Ҳар бир паннога равоқлар солинган. Равоқлар ислимий ўйма ганч нақшлар билан безатилган. Деворнинг пастки қисми “Часпак” усулидаги ўйма ва бўртма нақшлар билан безатилган. Нақшлар бўёқдан ҳоли. Деворларнинг шифтга уланиши занжиралар, муқарнаслар воситасида уйғунлаштирилган.
Хонақоҳ ва айвоннинг шифти Қуръони карим суралари сонига мослаб, 114 тоқига бўлинган. Ҳар бир тоқи ўзига хос ислимий нақшлар билан безатилган бўлиб, бир-бирини такрорламайди.
Шифтнинг меҳробга яқин қисми бошқа қисмлардан бир ўртача уй баландлигида хаштияк услубида баланд кўтарилиб, ҳаво айланиб туриши учун дарчалар очилган. Ҳар бир тоқидаги тўсин вассалар қўшни тоқига нисбатан кўндаланг – “перпендикуляр” ҳолатда ётқизилган ва бу билан ранг-барангликка, “тоқилар ўйини”га эришилган.
Бино шифтини 98 устун кўтариб туради. Баъзи кишилар учун бу рақам ғайритабиий кўринади. Уста – меъморларнинг ҳисобига кўра 114 тоқини кўтариб туриш учун айвон ва хонақоҳ деворларини ҳам ҳисобга олинганда айнан 98 устун керак бўлган. Устунлар мармар тагликларга ўрнатилиб, таг қисми тўрт қиррали конус шаклида, белдамчаси тухум шаклида ўйиб шакллантирилган ҳамда таг қисми паргори ва исломий ўйма нақшлар билан безатилган. Юқори қисмига муқарнаслар кийдирилган. Шоир Фазлийнинг таъкидлашича, айвон устунлари кумуш суви билан, муқарнаслар эса зарҳал билан бўялган.
Маълумки, Қўқон шаҳри Фарғона боғининг сизот сувлари ер юзига яқин жойлашган зах жойда ўрнашган. Шу туфайли, масжид биноси тез орада таъмирга муҳтож бўлиб қолади. 1847 йилларда эса катта таъмир ишлари олиб борилди. Муаррих Мирзаолим Мушириф “Ансоб ус-салотин” асарида “Таъмир асносида масжид айвонининг ислоҳ қилинганлиги, шундан сўнг айвон янада кўркам бўлганлиги, таъмир ишлари масжид вақф мулкидан тушган 2 йиллик даромад ҳисобидан олиб борилганлиги” ҳақида ёзиб қолдирган.
1905-1907 йилларда Қўқоннинг мўътабар кишиларидан бўлмиш Мирҳабиббой ташаббуси билан масжид биноси ҳашар йўли билан таъмирланди. Таъмир жараёнида устунларнинг айримлари алмаштирилди, нақш-нигорлари янгиланди.
Мустақиллик йилларида ҳам барча тарихий обидалар қаторида мазкур Жомеъ масжиди ҳам қайта таъмирдан чиқарилди. Айни кунларда бу ер барча юртдошларимиз ва сайёҳларнинг “ташриф қоғози”га айланган. Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнида бу тарихий обида ҳам янада обод манзилга айланмоқда.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА