Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Соғлиқни сақлаш – TIHE 2019” халқаро кўргазмаси якунланди

2019-04-18 | Соғлиқни сақлаш

"Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2019” Тошкент 24-халқаро кўргазмаси якунланди.

Мамлакатимизда илк бор уюштирилган Соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро инвестициявий форум доирасида ўтказилган кўргазмада дунёнинг 22 мамлакатидан келган тиббий ускуна ва анжомлар, дори воситалари ишлаб чиқарувчи 250 га яқин компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Кўргазма экспозицияларидан замонавий тиббий технологиялар, ультратовуш, рентген аппаратлари, физиотерапия, кардиология, диагностика ва лаборатория жиҳозлари, стоматология, имплантология, жарроҳлик анжомлари, дезинфекция, санитария-гигиена, реабилитация ва косметик воситалар, тиббий мебеллар, дори-дармон, дорихоналар учун ускуналар, ортопедик ва бошқа турдаги маҳсулотлар ўрин олди.

Тадбирда кўплаб хорижий компаниялар қаторида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотлар ҳам намойиш этилди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги “HimLabPribor” корхонасининг лаборатория жиҳозлари хорижлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугунги кунда корхонамизда буғли стерилизатор, лаборатория, электрокимёвий, диагностик ускуналар, центрифугалар, муфель печлари, аквадистилляторлар, микроскоплар, тарозилар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона бошқарувчиси Комил Саидов. – Кўргазма доирасида янги ҳамкорлар билан маҳсулот экспорти бўйича музокаралар олиб бордик.

Кўргазмада москвалик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари алоҳида стендда тақдим этилгани эътиборга молик. Унда «Made in Moscow» бренди остида 20 га яқин компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Тадбир қатнашчилари ушбу компанияларнинг реабилитология, протезлаш, стоматология соҳаларидаги илғор технологиялари, ютуқ ва тажрибалари билан танишиш имконига эга бўлди.

Россиянинг “Моторика” компанияси намойиш этган биоэлектрли протезларни ишлаб чиқаришда замонавий ахборот технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланилган бўлиб, у ҳар бир бемор учун индивидуал тайёрланади. Улар шу турдаги хорижий маҳсулотлардан арзонлиги билан ҳам ажралиб туради.

– Кўргазма доирасида мамлакатингиз соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан учрашиб, ўзаро тажриба алмашдик, маҳсулот етказиб бериш бўйича дастлабки келишувларга эришдик, – дейди “Моторика” компанияси бошқарувчиси Антон Ларсен.

“Соғлиқни сақлаш – TIHE 2019” Тошкент 24-халқаро кўргазмаси мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганини намойиш этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим воқеаларидан бири бўлган мазкур кўргазма соҳада замонавий технологияларни қўллаш борасидаги ишончли, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться