Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Франция: ҳамкорлик ривожланмоқда
2019-04-18 | Сиёсат
2019 йил 17 апрель куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Франция Республикаси Европа ишлари ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги Давлат котиби Жан-Батист Лемуан бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида Франция билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрда Францияга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар.
Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда инвестиция соҳасида 3 млрд. 398 млн. евролик 17 та икки томонлама келишувни ижро этиш бўйича “Йўл харитаси” татбиқ этилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳрида Франциянинг “Suez” компанияси билан пойтахт сув таъминоти тизимини бошқариш бўйича 150 млн. евролик лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда.
Учрашувда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ва янада ривожлантириш, хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли самарали ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
Эслатиб ўтамиз, Жан-Батист Лемуан Ўзбекистон-Франция Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси ҳисобланади ва Франция Президенти Эммануэл Макрон томонидан 2018 йил октябрдаги Ўзбекистон-Франция саммити доирасида эришилган келишувларнинг ижроси учун масъул этиб тайинланган.
Учрашувда Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виолен Де Вильмор ҳам иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати