Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сув солиғи - тежамкорлик омили
2019-04-17 | Иқтисодиёт
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида сув солиғи тўловчилари 2018 йилга нисбатан қарийб 10 баробарга ошиб, ҳозирда уларнинг сони 3122 нафарни ташкил этмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг янги ставкалари тасдиқланди.
Унга кўра, ер ости ва ер усти сув ресурсларининг 1 куб метри учун 2019 йилда:
-иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар, деҳқон хўжаликлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар - 150 сўм ва 120 сўм;
- саноат корхоналари - 430 сўм ва 360 сўм;
- автотранспорт воситаларини ювиш корхоналари - 1500 сўм ва 1200 сўм;
-електр стансиялари 50 сўм ва 30 сўм;
-коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари 80 сўм ва 60 сўм;
- алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган сув ҳажми бўйича 19040 сўм миқдорида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаши белгиланган.
- Корхонамиз йилига ўртача 300 минг литр салқин ичимликлар ишлаб чиқариш қувватига эга, - дейди Термиз шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор Панжи Турсунов. - Фойдаланилган сув ҳажми бўйича 1 куб метр ер ости суви учун 19040 сўм миқдорида сув солиғи тўлаймиз. Бу ҳар бир литр ичимлик суви таркибида ўртача 19 сўм сув солиғи мавжуд деганидир. Кўриб турганингиздек, сув солиғининг миқдори юқори эмас. Сув солиғининг мавжудлиги ундан оқилона фойдаланишга ундайди. Аслида, табиат неъматларини асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказиш барчамизнинг бурчимиздир!
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили вилоятда 1 миллиард сўм миқдорида сувдан фойдаланганлик учун солиқ ҳисобланган бўлса, 2019 йилда ҳисобланган солиқ суммаси 3,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Ушбу солиқларнинг шаҳару қишлоқларимиз ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, энг олис ҳудудларга ҳам тоза ичимлик сувини етказишда ҳиссаси катта.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси