Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий майдонга илк қадами” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий кредит рейтингларидаги ўрнини кўтариш, бу борада қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Ўзбекистоннинг халқаро кредит рейтингларидаги ўрнини яхшилаш, авваламбор, иқтисодий салоҳиятини бутун дунёга танитади – дейди молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков. – Мамлакат ҳақидаги иқтисодий таҳлилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқлари ва ҳал этилиши лозим бўлган муаммолари кўрсатилади. Дунёда юздан ортиқ рейтинг агентлиги бор, энг муҳимлари “S&P”, “Fitch”, “Moody’s”. Биз учала кредит агентликлари билан ҳамкорлик қилишни бошладик ва уларнинг вакилларини Тошкентга таклиф қилдик, таҳлиллар ўтказдик. Натижада ўтган йилнинг декабрь ойига келиб “S&P” ва “Fitch” рейтинг агентликларидан барқарор рейтингни олишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан мамлакат рискларини классификация қилиш гуруҳида Ўзбекистоннинг ўрни олтинчи ўриндан бешинчига кўтарилди.
Шунингдек, тадбирда халқаро облигацияларни чиқариш бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Анжуман якунида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Инобат Аҳатова, ЎзА
Манба: ЎзА