Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Бир макон-бир йўл» ҳамкорликдаги қурилишда ўзбек-хитой ҳамкорлиги салоҳияти
2019-04-17 | Жамият
2019 йилнинг 16 апрель куни Тошкентда «Бир макон-бир йўл» ташаббусининг амалга оширилишида ўзбек-хитой ҳамкорлиги салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда «Ипак йўли» халқаро туризм университети ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Б.Х. Тураев ҳам «Ўзбекистон ва Хитой стратегик ҳамкорлиги ривожланишида «Янги ипак йўли» иқтисодий камари таъсири» мавзусидаги маъруза билан иштирок этди. Ўзбекистон Хитой учун алоҳида иқтисодий ҳамкордир. «Бир макон-бир йўл» дастури амалга оширилиши сабабли ҳар иккала мамлакат муносабатлари янги босқичга ўтиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида тез суратларда ривожланмоқда.
Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек «Бир макон-бир йўл» дастури Осиё, Европа ва Африка ҳудудининг ҳамкорликда ривожлантирилишига қаратилган бўлиб, Шарқий Осиё ва Европа давлатлари иқтисодиётлари орасида янги алоқани ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Дастур барча манфаатдор давлатлар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар фаол иштирокини таъминлаган ҳолда, томонлар манфаатларини кўзламоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбек-хитой муносабатлари тарихан ўзаро ҳамкорлик, ҳурмат ва манфаатли дўстона муносабатларга асосланган бўлиб, бугунги кун шароитларида Ўзбекистон Қадимий Ипак йўлини ҳамкорликда тиклашдан алоҳида равишда манфаатдордир. Хитой Халқ Республикаси томонидан илгари сурилган «Бир макон-бир йўл» дастури ташаббуси, ҳудудимизда жойлашган барча давлатлар ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун яхши майдондир. Ўзбекистон Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда савдо, транспорт алоқаси, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик қилишга доимо тайёр.
Ҳар иккала мамлакат орасидаги Ипак йўли иқтисодий камарини яратиш бўйича ташлаган илдам қадамлари натижаси ўлароқ, давлатларимиз орасидаги турли жабҳалардаги ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда. Мазкур тадбир ўзбек-хитой муносабатларининг янги сифат даражасига чиқиши учун кучли туртки бўлишига аминмиз, зеро у ҳар иккала қадимий тамаддунлар учун Буюк Ипак Йўлининг янги даврда ривожлантирилиши имкониятларини очиб бермоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги