Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
”АТОМЭКСПО – 2019” анъанавий форумида Ўзбекистон делегацияси иккинчи бор қатнашмоқда
2019-04-16 | Иқтисодиёт
Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида “АТОМЭКСПО” ўн биринчи форуми бўлиб ўтмоқда.
Ядро саноатининг бугунги кундаги ҳолатини таҳлилий ўрганишга қаратилган форум мазкур соҳа равнақи учун муҳим бўлган энг йирик халқаро кўргазма ва бизнес майдончасини ўзида қамраб олган.
Ўн уч минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этилган кўргазма тадбир ташкилотчиларининг катта тараддуд кўрганини кўрсатмоқда. Янги ва замонавий технологиялар ёрдамида жиҳозланган ҳар бир намойиш майдончаси ўзига хос ва такрорланмасдир. Уларда атом саноатининг етакчи компаниялари ва тегишли тармоқлари соҳадаги сўнгги янгиликларини тақдим этмоқда. Шунингдек, намойишда энергетика билан боғлиқ бўлмаган соҳалар фаолияти билан ҳам танишиш мумкин.
Масалан, кўргазмадан Санкт-Петербург шаҳридаги ”Модерам” компанияси маҳсулотлари ҳам иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган. Компания атом электр станциялари учун махсус мавсумий пойабзаллар ишлаб чиқаради.
– Халқаро форум компания фаолияти учун катта аҳамият касб этади, – деди ушбу компания менежери Максим Мхитарян. – Чунки айнан шундай учрашувларда биз ҳамкорларимизни топамиз. Бу галги кўргазмада янги инновацион ғояларимиз билан қатнашмоқдамиз. Ҳозирги кунда олтитадан ортиқ АЭСлар билан ҳамкорлик қиляпмиз ва уларнинг фаолиятида бизнинг маҳсулотларимиз қўл келмоқда. Бугунги намойишда Арманистон давлатидан келган вакиллар билан музокаралар олиб боряпмиз. Ўйлайманки, мазкур кўргазма биз учун кенг имкониятларни яратади.
Айтиш жоизки, кўргазмада нафақат атом электр станцияларини ривожлантириш, балки бу жараёнда хавфсизлик масаласи ҳам асосий ва муҳим ўринни эгаллайди. Россия Фанлар академиясининг Атом энергетикасини ривожлантиришда хавфсизлик масалалари институти тадбирда бу борада амалга ошираётган лойиҳаларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этди.
– Форум биз учун муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга, – деди ушбу институт вакили Алексей Зарянов. – Институтимиз АЭС қурилишида хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқотлар ва баҳолаш бўйича амалий ёрдам бериш билан шуғулланади. Шунингдек, АЭС хавфсизлиги бўйича тадқиқотлар ўтказиш, методик кўрсатмалар бериш, авария ҳолатлари ва радиация мониторинги тизимини ишлаб чиқиш ҳамда илмий манбалар яратади. Авария ҳолатларида АЭС ҳудудида яшовчи аҳоли ва атроф-муҳитга таъсири ўрганилади ва бунда эҳтиёткорлик чораларини кўриш тавсия этилади. Ана шундай ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳар ойда бир маротаба ўқувлар ташкил этамиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси вакиллари ядро технологияларини ривожлантириш ва тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида Россия Федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантириш режалари асносида ўтган йили ҳам форумда биринчи марта иштирок этган эди. Бу йил “АТОМЭКСПО” форумида Ўзбекистон делегацияси кенгроқ дастур бўйича ўз имкониятларини намойиш қилишга муваффақ бўлди.
“Русатом Хелскея”, “Русатом – Халқаро тармоқ” ва Ўзбекистон ядро физикаси институти радиацион технологиялар ва ядровий тиббиёт бўйича меморандум имзоладилар.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Россия, Сочи шаҳри.
Манба: ЎзА