Туризмга эндиликда иқтисодиётнинг стратегик мақоми берилди.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонунчилик палатасининг шу йил 2 апрелда бўлиб ўтган мажлисида мазкур лойиҳа “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўринишида иккинчи ўқишда муҳокамаларда кўриб чиқилган эди. Унда депутатлар томонидан билдирилган фикр, муҳокама ва таклифларнинг асосий мақсад-моҳияти амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонунга қарийб етмиш фоиз ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани, туризмга эндиликда иқтисодиётнинг стратегик мақоми берилганидан келиб чиқиб, лойиҳа учинчи ўқишга “Туризм тўғрисида”ги янги қонун сифатида тайёрланди.
Лойиҳада белгиланган 21 та асосий тушунчадан 9 таси, масалан, “туристик хизматлар буюртмачиси”, “жойлаштириш воситаси”, “туристик фаолият” каби тушунчалар тегишли моддаларга сингдирилди ва асосий тушунчалар сирасидан чиқариб ташланди. Лойиҳа қатор янгиликлар, янги атамалар ва тушунчаларга бой бўлгани учун Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясида қонун ижодкорлари, мутахассислар ва тилшунослар иштирокида яна бир бор муҳокамадан ўтказилиб, юридик атамалар ва тил қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштирилди.
Манба: ЎзА