Бухорода фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Gala River” Ўзбекистон – Қозоғистон қўшма корхонаси йилдан-йилга ривожланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, узумни қайта ишлайдиган мазкур корхона цехларидаги замонавий асбоб-ускуналар иш унумдорлигини янада оширишга хизмат қилаётир. Шу жиҳатдан корхона учун 2018 йил ўзига хос янгиланиш даври бўлди.
– Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш доирасида кичик бизнес учун қулай инвестициявий муҳит яратилгани ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Gala River” қўшма корхонаси раҳбари Ҳайит Шеров. – “Асака банк”нинг Бухоро филиали орқали Осиё тараққиёт банки линияси бўйича олинган 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан 2018 йил февраль ойида Италиянинг узум шинниси ишлаб чиқариш технологияси ўрнатилди. Орадан олти ой ўтгач, узумни бирламчи қайта ишлаш линияси ҳам технологик янгиланди. Бунинг самарасида корхонанинг қайта ишлаш қуввати 7 минг тоннадан 12 минг тоннага ошди. Меҳнат унумдорлиги ўсди. Ишчи-мутахассисларга янада қулай меҳнат шароити яратилди.
Энг муҳими, маҳсулот сифати кескин яхшиланди. Энергия тежамкор технологиялар харажатни камайтириши эвазига унинг таннархи барқарорлашди. Булар, табиийки, ишлаб чиқарилаётган узум шиннисининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлаётир. Натижада корхонанинг экспорт салоҳияти ортмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тўлиқ экспорт қилинмоқда.
Ўтган йили корхона қозоғистонлик буюртмачи шерикларга 1 миллион 984 минг долларликдан зиёд узум шинниси экспорт қилди. Бу олдинги йилдагидан 867 минг 774 долларга кўпдир. Бошқача айтганда, корхонада экспорт ҳажми бир йилда 70 фоиз ошган.
“Gala-River”нинг 50 кишидан иборат жамоаси янада юқори натижаларга интилмоқда. Бунда ишчи-мутахассисларнинг ўз ишини пухта ўзлаштиргани ва пировард меҳнат натижасидан манфаатдорлиги ошиб бораётгани муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур корхонада шерик ишончи ҳамиша қадрли, деган шиорга амал қилинади. Шунинг учун қайта ишловчилар қозоғистонлик ҳамкорлар ишончини қозониб келмоқда. Жамоа жорий йилда камида 2,3 миллион АҚШ доллари миқдорида узум шинниси экспорт қилишни режалаштирган.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: ЎзА