Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла идораси мактабга тегишли бинодан фойдаланиб келмоқда
2019-04-15 | Таълим
kun.uz сайтида “Бахмалдаги мактаб ўқувчилари МФЙдан ижарага олинган хоналарда ўқимоқда” номли мақола эълон қилинди. Халқ таълими вазирлиги мазкур мақола бўйича қуйидагича изоҳ билдиради:
Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби 2 та ўқув биносидан иборат: 1-ўқув биноси лойиҳа асосида 2007 йилда қурилган бўлиб, бинода 6 та ўқув синфхонаси, 1 та кимё-биология лабораторияси ва 1 та информатика хонаси мавжуд.
Мақолада маҳалла фуқаролар йиғинидан вақтинча олинган деб келтирилган хоналар аслида мактаб балансидаги иккинчи бино бўлиб, маҳалла идораси мактабга тегишли бинодан фойдаланиб келмоқда. Бино 2 та синфхона ва битта ёрдамчи хонага эга. Мактаблар 11 йиллик таълимга ўтгач, ноқулайликларнинг олдини олиш учун туман халқ таълими бўлими ва мактаб раҳбариятидан мазкур ўқув биносини бўшатиш тўғрисида мурожаатлар бўлганлигига қарамай, маҳалла идораси ҳалигача чиқиб кетмаган.
Туман халқ таълими бўлими шу пайтгача амал қилиб келган ВМнинг 740-сонли қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастурини шакллантириш тартибига кўра, таклифни берган. Аммо дастурга киритилмаган.
Мактабнинг яроқсиз ҳолатга келган спорт зали 2020-2024 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларининг спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастур доирасига киритилган.
Вазирлик kun.uz таҳририятига халқ таълими тизимидаги муаммолар ва уларнинг ечимини топишда холис ёндашув ва шаффофлик тамойиллари учун миннатдорчилик билдиради ва келгусидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги