Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма, куйишдан кейинги ва бошқа нуқсонлари бўлган болалар германиялик мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Жиззах вилоятларидан келган бемор болалар қатнашди. Уларни германиялик мутахассислар — “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти директори ўринбосари Кевин Дальбрух, ташкилотнинг ижтимоий лойиҳалар бўйича ходими Ребекка Венцель кўрикдан ўтказди.
– Қизим 45 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, юзи, қўли ва оёқларида нуқсон пайдо бўлди, – дейди жиззахлик Наргиза Рустамова. – 2016 йилда мазкур лойиҳа асосида германиялик мутахассислар тиббий кўрикдан ўтказиб, қизимни Германияга олиб кетишганди. Олти ой давомида ўтказилган жарроҳлик амалиётлари ва реабилитация жараёнидан кейин қизимнинг ҳаракатига халақит берувчи нуқсонлари бартараф этилди. Айни пайтда у 15 ёшда. Ўсиш жараёнида баъзи ўзгаришлар кузатилмоқда. Шу боис, бугун мутахассислардан маслаҳат олиш мақсадида келгандим. Улар қизимнинг ҳолати яхши эканлигини, бундан кейинги даволаш ишларини юртимизда амалга ошириш учун етарли шароит борлигини айтишиб, тегишли кўрсатмалар берди.
Хоразмлик 6 ёшли Б.Аллабергановда туғма қовуқ экстрофияси қайд этилган. Бу сийдик йўлларининг очиқ ҳолати бўлиб, мураккаб жарроҳлик амалиётини талаб этади. Мутахассислар уни тиббий кўрикдан ўтказиб, Германияда даволанувчи болалар рўйхатига киритишди.
– Ўтган йили ҳам германиялик мутахассисларга мурожаат қилгандик, – дейди Қундуз Ортиқова. – Аммо, баъзи ҳужжатларни тайёрлашда тушунмовчиликка йўл қўйиб, ўғлим Германияга боролмаганди. Ташкилотчиларга раҳмат, шундай бўлса-да иккинчи бор яна имконият беришди. Энди зарур ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаб, ўғлимнинг керакли муолажаларни ўз вақтида олишига ҳаракат қиламан.
– Ўзбекистон билан бир неча йиллик ҳамкорлигимиз давомида шу пайтгача 535 нафар бемор болалар Германиядаги клиникаларда даволаниб, саломатлигини тиклади, – дейди “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти директори ўринбосари Кевин Дальбрух. – Биргина ўтган йил 34 нафар тури хил туғма нуқсонлари ва хасталиги бўлган болаларга зарур тиббий ёрдам кўрсатдик. Лекин кўрик давомида жуда кўп бемор болаларни кўряпмиз, уларга зарур маслаҳат ва тавсияларимизни айтаяпмиз. Фақатгина энг мураккаб даво муолажалари талаб этиладиган болаларни Германияга олиб бориш учун танлаб оляпмиз.
Тиббий кўрикка келган беморларнинг энг оғир ҳолатдагилари жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун жўнатилиши маълум қилинди. Аксарият бемор болалардаги нуқсонларни юртимизда даволаш мумкинлиги таъкидланди. Тиббий кўрикка келган ана шундай болалар Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилди. Уларга зарур муолажалар тавсия қилинди. Жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА