Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегацияси билан учрашув
2019-04-12 | Жамият
2019 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда делегация раҳбари, халқаро муносабатлар бўлими директори Абдулла Альнуайми, вакиллар Абдулла Алшамси, Ҳасан Аҳмад, Абдуллазиз Алшамси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги масъуллар иштирок этди.
Учрашувда томонлар меҳнат соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида фикр алмашди. Хусусан, жорий йил апрель ойининг сўнгги ўн кунлигида БАА Меҳнат вазири бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи, Ўзбекистонда БААнинг касбга ўқитиш марказини ташкил этиш ва шу орқали Ўзбекистон фуқароларини БААда вақтинчалик меҳнат фаолияти юритишлари учун янада кенгроқ имконият яратиш, шунингдек, аҳоли бандлиги, меҳнат миграцияси ва меҳнат муҳофазаси каби долзарб мавзуларга бағишланган форум ўтказиш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув давомида, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг аҳоли бандлиги масаласига оид кўрсаткичлари ҳамда БААда Ўзбекистон фуқароларининг ишлаши бўйича талаб ва шароитлар ёритилган тақдимот материали кўриб чиқилди.
БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги