Яқинда Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) АҚШнинг Техас штатида атом энергетика соҳаси раҳбарлари учун халқаро семинар ўтказди.
“Ўзатом” агентлиги матбуот хизматининг бу ҳақидаги хабарида айтилишича, семинарда МАГАТЭ ва Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти таклифига асосан Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашган.
Халқаро тадбирда МАГАТЭ, Атом электр станцияларидан фойдаланувчи ташкилотлар халқаро уюшмаси (WANO), Ядро энергетикаси институти, Айдахо миллий лабораторияси, “Westinghouse” компанияси (АҚШ) ҳамда атом энергетикаси соҳасидаги АҚШнинг бошқа бир қатор тадқиқот марказлари, йирик компаниялари ва халқаро консультантлари маъруза қилган.
Шунингдек, семинар доирасидаги тақдимотларда бутунжаҳон ядро энерегетикаси ташкилотлари фаолиятининг ривожланиш тенденциялари, ядровий хавфсизлик маданияти, соҳага оид билимларнинг самарали бошқарилуви, атом энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш жараёнида лойиҳага масъул раҳбарнинг роли ва масъулияти, фавқулодда ҳолатлар чоғида самарали ички мулоқотни таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, атом электр станцияси қурилиши лойиҳасида бошқарув жараёнлари каби масалалар таҳлилига асосий эътибор қаратилган.
Иштирокчилар Жанубий Техас ҳудудида жойлашган атом электр станцияси фаолияти билан танишган.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги Техаснинг A&M университети қошидаги Ядро энергетикаси институти ва Айдахо миллий лабораторияси вакиллари билан музокаралар ўтказган. Унда АҚШнинг таълим марказларидаги атом энергетикаси йўналишида ўзбекистонлик мутахассисларнинг таълим олиши, малака оширишини ташкил этиш масалалари юзасидан фикрлар алмашилган.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги вакиллари билан Тошкентда ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, A&M университети Техас штатининг Колледж-Стейшен шаҳрида жойлашган. Бу университетда нефть ва газ, атом энергетикаси, океанология, космонавтика, ландшафтшунослик каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Университет АҚШдаги иккита тадқиқот реакторига эга ягона таълим муассаса саналиб, 65 минг талабаси билан АҚШнинг етакчи олийгоҳлари орасида еттинчи ўринни эгаллайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА