Бугун пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида дзюдо бўйича кадетлар ва ёшлар ўртасида Осиё очиқ кубоги баҳсларига старт берилди. Нуфузли мусобақада Европа ва Осиёнинг 6та давлатидан жами 250 нафар атрофидаги спортчилар ўз омадини синаб кўради.
Мусобақа регламентига кўра, 12-13 апрель кунлари кадетлар тоифасидаги беллашувлар ўтказилса, 14-15 апрель кунлари ёшлар ўз маҳоратини намойиш этади. Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақа ҳар йили марҳум спортчимиз Учқун Муродов хотирасига бағишлаб анъанавий тарзда ташкил этилади ва унда иқтидорли дзюдочиларимиз саралаб олинади.
Осиё очиқ кубоги мусобақаларида юртимиз полвонларидан ташқари Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда БАА кадетлар ва ёшлар терма жамоалари ҳам ғолиблик учун баҳс олиб боради. Ушбу мусобақада Ўзбекистон номидан 111 нафар спортчи татамига тушса, қозоғистонликлар ҳам Осиё очиқ кубогига анчагина катта делегация (82 нафар) билан ташриф буюрган.
Манба: ЎзА