Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Темуршунос француз олимаси Самарқандда
2019-04-12 | Туризм
Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги Самарқандда нишонланмоқда.
Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиши ассоциацияси президенти Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним бошчилигида 11 апрель куни Самарқандга ташриф буюрган меҳмонлар кеча Амир Темур мақбараси ва шаҳардаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилган бўлса, бугунги тадбирлар буюк жаҳонгир ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.
1988 йилнинг 22 мартида Франциянинг Париж шаҳрида темуршунос олимлар, профессор Люсьен Керен ҳамда Фредерик Брессанд хоним ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ассоциация темурийлар даври тарихи, санъати, маданиятини ўрганиш ва уни Франция ҳамда бошқа Европа давлатларида кенг тарғиб этиш билан шуғулланади.
Ассоциациянинг биринчи президенти бўлган Люсьен Керен ўзи асарлари ва илмий тадқиқотлари билан жаҳон темуршунослигига катта ҳисса қўшган ва унинг бу хизматлари эътироф этилиб, давлатимизнинг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Люсьен Керен вафотидан сўнг уюшмага Фредерик Брессанд хоним раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу фидойи темуршунос француз олимасига 2018 йилда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан “Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси” унвони берилди.
Фредерик Брессанд хонимнинг ассоциация ташкил этилганлигининг 30 йиллигини Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Шу асосида бугун Самарқандда бир қатор тадбирлар режалаштирилган.
Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида “Темурийлар даврида маданият ва санъат” мавзусида кўргазма бошланди
Ғ.Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА