Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири оммавий сайёр қабуллар ўтказмоқда
2019-04-12 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўплаган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида бандлик ва меҳнат қилиш бўйича республика миқёсида аҳолидан 56370 та мурожаат ва аризалар келиб тушган. Меҳнат ва бандликка дахлдор шикоят ва мурожаатларнинг учдан бир қисми Президент портали ва Халк қабулхоналари орқали юборилган бўлса, қолган мурожаатлар Вазирликнинг онлайн вебсайти, шахсий қабул, ёзма ва оммавий сайёр қабуллар орқали келиб тушган.
Биргина Бухоро вилоятида жорий йилнинг биринчи чорагида ишсиз аҳолидан иш излаб жўнатилган аризалар сони 2723 га етган.
Аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф қилиш юзасидан аниқ ва тезкор чораларни кўриш мақсадида айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда вилоят ҳокимлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятининг барча туманлар аҳолиси билан оммавий сайёр қабул ўтказмоқда.
Қабуллар давомида такрор мурожаат қилаётган фуқаролар муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш, қабулларнинг натижадорлигига эришиш, фуқароларнинг розилигини таъминлаш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, мурожаатларни холис ва тезкор кўриб чиқиш асосий вазифалардан бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотларнинг ўзида 450 ка яқин фуқаролар билан бевосита мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга эришилди.
Бухоро вилоятининг барча туманларидан келган фуқароларнинг мурожаатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан ўша пайтнинг ўзида ўрганилиб, 250 нафар киши жамоат ишларига жалб қилинди, вақтинчалик иш билан таъминланди, 100 га яқин фуқаро соҳаси бўйича доимий ишга жойлаштирилди, 25 дан ортиқ ёшлар касб-ҳунарга ўқитишга, 40 қа яқин фуқаро эса тадбиркорлик фаолиятига йуналтирилиб, барча харажатлар Бандлик жамғармаси томонидан қоплаб бериладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таҳлилига кўра, шикоятларнинг асосий сабаблари қуйидаги муаммолар билан боғлиқ:
- ишлаб чиқариш соҳасидаги корхона ва муассасаларнинг камлиги боис, иш ўринларининг етишмаслиги;
- аҳоли орасидаги айрим қатламларнинг бўш иш ўринлари тўғрисида, жамоат ишларида меҳнат қилиб ҳақ олиш мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эмаслиги;
- маҳаллий ҳокимият ва идоралар, муассаса ва корхона раҳбарларининг аҳоли бандлиги билан боғлиқ муаммоларга етарлича аҳамият бермаслиги;
- аҳолининг баъзи қатламларида касб ўрганишга, меҳнат ҳуқуқларидан хабардор бўлишга ҳафсала йўқлигидир.
“Асосий мақсадимиз – мурожаат этаётган инсонларни рози қилишдир, – дея таъкидлайди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев. – Аҳолининг шикоят ва аризалар билан мурожаат қилиши давлат бошқаруви органларига нисбатан ишонч ортиб бораётганидан далолат. Қолаверса, аҳоли мурожаатлари Вазирлик томонидан бандлик тизимида ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларни яққол кўрсатиб берди. Бу эса халқ билан янада яқинрок бўлишга ва мавжуд муаммоларни кечиктирмай бартараф этишга ундайди. Умид қиламизки, яқин 3-4 йил ичида шикоятларнинг анчайин камайишига эришамиз».
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан сайёр қабуллар мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги