Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Олтин одам" намойишга қўйилди
2019-04-12 | Маданият
Ўзбекистон давлат санъат музейида “Буюк дашт: тарих ва маданият” номли кўргазма очилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур кўргазмада икки қўшни давлат вакиллари, олимлар иштирок этди.
Кўргазманинг асосий мақсади санъат ва маданият ихлосмандларини Қозоғистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан таништиришдан иборат. Унда Қозоғистон Республикаси рамзи ҳисобланган “Олтин одам” намойишга қўйилди.
1960 йилларнинг охири 1970 йилларнинг бошида Олмаота шаҳри атрофида археологик қазиш ишлари олиб борилган. Иссиқ қўрғонда тадқиқот олиб бораётган Кемал Акишев томонидан Саклар шоҳи “Олтин одам” қолдиқлари топилди. Бу топилма ўз навбатида Қозоғистон рамзига айланди. Ноёб топилма “Қозоқ Тутанхамони” деб атала бошланди ҳамда асрнинг йирик кашфиёти деб тан олинди.
“Олтин одам” кўргазмаси бугунги кунда Россия, Хитой, Польша, Беларусь, Озарбайжон, Корея ва Татаристон Республикаларида намойиш этилган. Бу мамлакатларда бўлиб ўтган кўргазмаларга бир миллиондан ортиқ томошабин ташриф буюрган. 2020 йил охиригача кўргазма дунёнинг 20 мамлакатида намойишга қўйилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон давлат санъат музейида бўлиб ўтаётган кўргазмада “Олтин одам”ни тилла безаклар билан безатилган кийимда, тилла ўқлар, қор қоплонлари, архарлар, отлар, қушлар кўринишидаги олтин пластиналар билан безатилган конус шаклидаги бош кийимда кўриш мумкин. Шунингдек, (археологлар фикрича 17-18 ёшларда бўлган) сак жангчиси Олтин одам билан бирга дафн қилинган эрта темир даврига (милл.авв.V-IV асрлар) оид археологик топилмалар тўплами ҳам жой олган.
Шунингдек, кўргазмада Таксай (Ғарбий Қозоғистон вилояти), Талди-2 (Қарағанда вилояти) ва Берел (Шарқий Қозоғистон вилояти) саклар қўрғонидан топилган археологик топилмалар ҳам намойиш этиляпти. Кўргазмада Қозоғистон Республикаси Миллий музейи коллекциясидан жами 106 та экспонат экспозицияга қўйилган. Намойиш этилаётган нодир экспонатлар бу қадимий ва ўрта асрлар Қозоғистон санъатининг кичик бир қисмигина бўлиб, Евроосиё Дашт маданият меросининг ўзига хослигини акс эттиради.
"Ўзбекистонда Қозоғистон йили”нинг бошланиши муносабати билан матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.
Бу каби тадбирлар икки қардош халқларнинг маданиятини янада ривожлантириш ва тарғиб қилишга хизмат қилади.
Барно Мелиқулова, ЎзА
Манба: ЎзА