Тошкентда 11 апрель куни Ўзбекистон – Финляндия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Финляндия Республикаси Давлат котибининг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари М.Кейненен бошчилигидаги бизнес делегацияси, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари иштирок этган тадбирда кўплаб соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Финляндия экологик хавфсиз, хусусан, ахборот технологиялари, инновация, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сув ресурсларини бошқариш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Бугунги кунда мазкур мамлакат электр техникаси, машинасозлик, транспорт ускуналари, металл, ёғоч ва қоғоз маҳсулотлари эскпорти бўйича юқори кўрсаткичларга эга.
Форумда Финляндиянинг айни соҳалар бўйича 15 та етакчи компанияси – “Nokia Solutions Networks”, “Probori Oy”, “Sensorex Oy” “Tikkurila LLP” вакилларининг иштирок этгани Финляндия ишбилармон доира вакилларининг мамлакатимизда бизнес юритишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш зарурлиги, бундан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани, бунинг учун қўшма лойиҳаларни амалга оширишда қулай инвестициявий муҳит яратилганини таъкидлади.
Бундан 70-80 йил олдин Финляндия иқтисодиёти аграр соҳага ихтисослашган эди. Таълимга берилган кучли эътибор, соҳаларга инновацияларни кенг жорий қилиш орқали бугунги кунда ушбу мамлакат Европа Иттифоқидаги ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатларда ривожланмоқда, – деди М.Кейненен. – Бу жараёнда Финляндия компаниялари ахборот технологиялари, рақамлаштириш, энергия самарадорлиги каби йўналишларда ўз хизматлари, ҳамкорлик лойиҳалари билан иштирок этиш истагида.
Форум якунида таълим йўналишида ҳамкорлик, қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, шу куни Финляндия делегацияси Тошкентда Финляндия Республикасининг Фахрий консулхонаси очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
– Ўзбекистонда Финляндиянинг Фахрий консулхонаси очилиши икки мамлакат муносабатлари тарихида муҳим воқеадир, – деди консулхона фахрий консули Алишер Жўраев. – Эндиликда давлатларимиз ўртасида иқтисодий, ижтимоий, бизнес алоқаларини ривожлантириш учун ўзига хос платформа бор.
Консуллик фаолияти орқали мамлакатимизда Финляндия ишбилармон доираларига бизнес имкониятлардан фойдаланиш шароити яратилади. Бу Финляндия компанияларини қўшма инвестициявий лойиҳаларга жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА