Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа ва Марказий Осиёдан давлат харидлари бўйича мутахассислар Тошкентда малакавий (иш) тажриба алмашишади
2019-04-11 | Иқтисодиёт
Тошкент, 10 апрель 2019 йил. 25 мамлакат иштирокчилари Тошкентда бошланган харидлар, касбий этика, менежмент ва ошкоралик бўйича 15-форумда (PRIMO) иштирок этмоқда. 2005 йилдан буён ушбу тадбир ҳар йили Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлардан бирида ўтказилиб, миллий давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш бўйича тажриба алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
15-PRIMO Форуми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕБРД) ва Ислом тараққиёт банки (IsDB) кўмагида ҳамда Европа инвестиция банки (ЕИБ), Осиё Тараққиёт банки (ADB), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) ва БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси (UNCITRAL) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур тадбир жорий йилнинг 10 апрелидан 13 апрелигача давом этади.
PRIMO Форуми давлат харидларини тартибга солувчи давлат идоралари, ушбу платформадаги иштирокчи мамлакатлар ва бошқа халқаро донорлар томонидан давлатнинг давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш тажрибасини ўрганиш ва алмашиш, шунингдек, харидларни бошқариш ва уларнинг давлат инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратиш имкониятини беради.
Тадбир шунингдек, минтақавий ва глобал ҳамкорликни рағбатлантириш, давлат харидлари соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш мақсадида шартнома бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
"Ушбу форум давлат харидлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш ва Европа ва Марказий Осиё минтақасида экспертлар жамоасини ривожлантириш учун муваффақиятли платформа ҳисобланади. Кўп жиҳатдан, бу тадбирнинг муваффақияти минтақа мамлакатларида сотиб олишни тартибга солувчи давлат идоралари узоқ вақт давомида унга қўллаб қувватлашида акс этади", деди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Сирил Мюллер.
"Жаҳон банки ушбу давлатларга самарали миллий харидлар тизимини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларида ёрдам беришни давом эттиради".
"2005 йилда Ўзбекистонда биринчи бор PRIMO Форуми ўтказилганидан 15 йил ўтиб, мамлакатда сезиларли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, жумладан, давлат харидлари тизимининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда яна шу тадбир ўтказилиши рамзий маъно касб этади", - деди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков.
"Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон ҳукумати халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган ҳолда қонунчилик ва институционал асосларни ривожлантиришни давом эттиради".
Тошкентдаги PRIMO Форумида 100 дан ортиқ иштирокчилар, шу жумладан Европа ва Марказий Осиё минтақасининг 20 дан ортиқ мамлакат (Албания, Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Босния ва Герцеговина, Болгария, Хорватия, Шимолий Македония, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Черногория, Полша, Руминия, Сербия, Туркия, Туркманистон, Украина)нинг давлат харидлари бўйича юқори лавозимдаги амалдорлар, Қувайт, Бразилия, Чили, шунингдек ЕБРД, ИТБ, ОТБ, ЕИБ, OECD, WTO ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги