Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди

2019-04-11 | Маданият

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида ташкил этилган анжуманда жаҳоннинг 74 давлатидан 160 дан зиёд иштирокчи ва ЮНЕСКО, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – ISESCO каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатлардан фахрий меҳмонлар қатнашди.

Фестиваль доирасида ўтказилган бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танловида Туркия, Россия, Эрон, Бельгия, Жанубий Корея, Хитой, Мўғулистон, Исроил, Япония, Финляндия, Афғонистон каби 20 мамлакат вакиллари ўз истеъдодини намойиш этди. Уларнинг ижрочилик маҳоратини Франция, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Мўғулистон, Ўзбекистон, Қозоғистоннинг таниқли санъат ва маданият намояндалари, олимлар, малакали мутахассислардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати кузатди ва муносиб баҳолаб борди.

10 апрель куни Термиз шаҳрининг Санъат саройи ҳудудидаги замонавий ёзги саҳнада халқаро кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.

Фестивалнинг учинчи даражали дипломи, статуэтка ва ҳар бирига 2 минг 500 АҚШ долларидан пул мукофоти қорақалпоғистонлик Гулнора Алламберганова ва жанубий кореялик Ким Хуо Сунга топширилди.

Иккинчи ўринга – жами 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига россиялик Байбулдин Илгам (3,5 минг доллар) ҳамда озарбайжонлик Ашиқ Али ва Ашиқ Шамира (3,5 минг доллар) сазовор бўлди.
Биринчи ўрин ва ҳар бирига 5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ҳамда туркманистонлик Кервен Ёвбосаровга берилди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг бош соврини – Гран-прини ҳамда 7 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини Қозоғистон вакили Улжан Байбусинова қўлга киритди. Ғолибларга махсус диплом ва фестиваль статуэткаси ҳам тантанали топширилди.

– Халқаро фестиваль кўрик-танловида “Гўрўғли” достонидан парча куйлаб бердим, – дейди Гран-при соҳибаси У.Байбусинова. – Шундай нуфузли танловда энг олий ўринни эгаллаганимдан бахтиёрман. Танлов жуда қизиқарли ўтди. Кўплаб давлатларнинг халқ оғзаки ижоди ва уларни ижро этиш услуби билан танишдик. Тажриба алмашдик. Сурхондарё вилоятининг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилганимиз ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлди. Умуман, ҳаммаси ажойиб, бу қадимий заминда ўтган кунларим бир умр хотирамда қолади. 

Шунингдек, танловда 10 дан ортиқ номинациия ғолибларига ҳам диплом ва 500 АҚШ долларидан пул мукофоти берилди.

Анжуман доирасида хорижлик ва юртимиз олимлари, мутахассислари иштирокида “Бахшичилик санъатининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида ташкил этилган йирик илмий-амалий конференциясида АҚШ, Германия, Франция, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Туркия каби давлатлардан келган етук фольклоршунос, адабиётшунос ва санъатшунос олимларнинг соҳадаги долзарб муаммоларга бағишланган маърузалари тингланди, тақдимотлари ўтказилди. Дунё мусиқаси лойиҳалари тақдимотига бағишланган тадбирда ҳам хорижлик мутахассислар, санъаткорлар ва мусиқашунослар ўз тақдимотларини намойиш этди.

Фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказилган майдондаги этнографик шаҳарчаларда меҳмонлар юртимиз ҳудудларига хос санъат ва ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, миллий қадриятларимиз ва пазандаларимиз маҳорати билан яқиндан танишди. Сурхондарё вилоятининг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, бетакрор табиати ва бошқа диққатга сазовор жойларига экскурсиялар уюштирилди.

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари, бахшилар ва ёш ижрочилар томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев сўзга чиқди.

 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться